Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

@zarafshonbot‘га мурожаат: Қорасувдаги янги “дом”ларда эски муаммолар - лифтни ким тузатади, ширкат, маҳалла қачон тузилади?

Самарқанд шаҳри кўркига кўрк қўшиб, 16 қаватли уйлар қурила бошлаганда лифт ишламай қолса, нима қиламиз, дея одамлар сотиб олишга ҳадиксираганди. “Agromir buldings” МЧЖ қурувчи ташкилоти “Хавотир олманглар, электр токи бўлмаса ҳам лифтларга генератор қўйилади 3 кунгача ишлайди”, деганди. Соддалигимиз қурсин, бу гапга ишондик ва янги қурилаётган уйлардан сотиб олдик. Бироқ лифтларга генератор қўйилган эмас, электр токи ўчса, лифтлар ишламайди.

Кунлар совий бошлагач, электр таъминотида муаммолар рўй бериб, “свет” тез-тез ўча бошлади. Табиийки, лифт ичидаги одамлар то электр токи келгунига қадар лифтда қолиб кетяпти. Айниқса, ота-оналар, болаларнинг соатлаб лифтда қолиб кетганидан арз қилмоқда.

Муаммо шундаки, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ширкат учун ҳали жой ажратмаган. Аҳолининг янги уйларга кўчиб келганига яқинда 1 йил тўлади. Ҳамон 12, 14, 16 қаватли уйларда ширкат йўқ. Шу сабабли лифт созловчилар ҳам ишга олинмаган. Масалан, 72-уйнинг кичик лифти 3 ҳафтадан буён ишламайди, катта лифти эса кечадан бери тўхтаган. Бошқа кўп қаватли уйларда ҳам кечадан буён лифтлар ишламаяпти. Хўш, лифт масаласида одамлар кимга мурожаат қилиши керак?

12-16 қаватли уйларда шунча муаммо бўладиган бўлса, келаси йил барпо этиладиган 30 қаватли уйларда яшашни ўзингиз тасаввур қилаверинг.

“Agromir buldings” МЧЖ лифтлар учун нега генератор қўймаганига изоҳ берадими? Самарқанд шаҳар ҳокимлиги қачон Қорасув аҳолисига ширкат, маҳалла ташкил қилади?

Дардимизни кимга айтишни ҳам билмаймиз...