Охирги янгиликлар

Юртнинг қадрини бил, халқнинг дардини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

"Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Сизнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида амалга ошираётган ишларингиздан руҳланиб, ўғлим Заршед Оқилов номига кредит олиш учун банкка ариза бердик. Барча ҳужжатлар тахланди. Лекин кредит масаласи ҳадеганда ҳал бўлавермади.
Шундан сўнг мен туманимиздаги Халқ қабулхонасига оғзаки ва 6 апрель куни ёзма равишда мурожаат қилдим. 7 апрель куни "Агробанк" АТБ Самарқанд филиали аризамни қаноатлантириб, иссиқхона қуриш учун ўғлимнинг номига 7 миллион 400 минг сўм миқдорида кредит ажратиб берди. 
Халқнинг дардини тинглаб, муаммоларини тезда ҳал қилишда ёрдам бераётган, халққа яқин Халқ қабулхоналарини ташкил қилганингиз учун Сиздан чексиз миннатдормиз!"
Ҳурмат билан Амон Қандов, 
Самарқанд вилояти, Самарқанд тумани,
Деҳнав маҳалласи.
2017 йил, 12 апрель.
Халқ қабулхоналари қисқа фурсат ичида аҳолининг ишончини қозониб, кишилар қалбидан чуқур жой олди. Самарқанд тумани Гулобод шаҳарчаси 6-уйда жойлашган Халқ қабулхонаси остонасини ҳатлаётганларнинг кўпчилиги қабулхона фаолиятидан миннатдор. 
Миронқул маҳалласида истиқомат қилувчи Нилуфар Розиқова қайнонаси, 72 ёшли Норбиби Ҳайдарова уч ойлик пенсия пулини ололмаётганлигини айтиб, Халқ қабулхонасига ариза ёзган. Ушбу мурожаат тезда ўрганилиб, онахонга тўланмай қолган пенсия пуллари етказиб берилиши назоратга олинди.  

– Туманда Халқ қабулхонаси иш бошлагандан буён 7 апрель ҳолатига кўра жисмоний ва юридик шахслардан 96 та оғзаки, 85 та ёзма мурожаат тушди, – дейди Халқ қабулхонаси мудири Fолиб Жўраев. – Ҳозиргача мурожаатларнинг 43 таси қаноатлантирилди.
Мурожаатлар мазмунига эътибор қиладиган бўлсак, жисмоний ва юридик шахслардан тушган мурожаатларнинг 29 таси уй-жой ва ер масаласи, 25 таси пенсия ва нафақа, 10 таси табиий газ, электр энергияси ва ичимлик суви таъминоти, 14 таси коммунал тўловлар ва нореал қарздорлик, 13 таси ички ишлар фаолияти билан боғлиқ, 6 таси иш билан таъминлаш, 8 таси алимент масаласида, 9 таси банк кредитлари, 9 таси моддий ёрдам масаласида бўлса, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қурилиш соҳаси, мактаб таълими, МТМлар фаолияти билан боғлиқ бир нечта мурожаатларни санаб ўтиш мумкин.

Яқинда Халқ қабулхонасида туман ҳокимининг қабули ўтказилди. Ҳоким қабулида 54 нафар фуқаронинг мурожаати тингланиб, уларнинг ечими бўйича шу ернинг ўзида мутасаддиларга кўрсатма берилди. Жумладан, тумандаги Чумчуқли маҳалласида яшовчи Санъат Нарзиевнинг маҳалладан устахона очиш бўйича қилган мурожаати юзасидан амалий ёрдам кўрсатиш туман "Ягона дарча" маркази директори Ф.Мисировга топширилди. Туман газ таъминоти идораси раҳбарига Ўзбеккенти маҳалласида яшовчи Фазлиддин Абдусаматовнинг табиий газдан асоссиз қарздорлик юзасидан мурожаатини қисқа фурсатда ўрганиб, қаноатлантириш топширилди.
Халқ қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар билан таниша туриб узоқ йиллардан буён ўз ечимини кутаётган муаммолар билан боғлиқ ҳолатларга ҳам дуч келдик. 

– Тумандаги Қорасув маҳалласида жойлашган "Пишевик" дала-ҳовли ширкатлари аъзолари ширкат ҳудудидаги чўчқахоналар фаолиятини тугатиш юзасидан шикоят ёзиб, 2012 йилдан буён туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, ДСЭНМ, вилоят ветеринария бошқармаси ва бошқа давлат идораларига қатнаганлар, – дейди F.Жўраев. – Аммо шу кунга қадар ҳеч бир давлат органи аризачилар важи бўйича иш олиб бормаган. Бундай ҳолатларда Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонуни бузилишига йўл қўйилмоқда. 

Халқ манфаати ҳамма нарсадан устун. Ташвишнинг катта-кичиги бўлмайди. Халқ қабулхонасига келаётган ҳар бир мурожаат эгасининг арзи халқ дарди сифатида тингланмоқда ва четдан қараганда арзимасдек туюлган оилавий можароми ёки бутун бошли маҳалланинг муаммосими, бирдек эътибор билан тингланиб, ҳал этишга амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Зилола ОМОНОВА.