Охирги янгиликлар

Битта хато ортидан мингта муаммо Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш юзасидан хонадонларга ташриф буюрдик. Ушбу ташрифлар давомида оилалардаги қатор муаммолар аниқланиб, бартараф этилмоқда. Мазкур муаммолар ичида айнан бизнинг соҳага тегишли бўлган баъзи масалалар кишини ўйлантириб қўяди. Бола туғилганда унга туғилганлик тўғрисида гувоҳнома, вақти келганда фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат – паспорт олиш лозим. Айнан шу ҳужжатлар туфайли у маълум жамиятнинг тўлақонли аъзоси эканлигини исботлаб беради. Аммо шу оддий қоидаларга амал қилмай, фарзандини, ўзини сарсон қилиб юрган оилалар ҳам бор. 
Яқинда 1997 йилда туғилган болага туғилганлик тўғрисида гувоҳнома расмийлаштиришга тўғри келди. Ажабланарлиси, бола мактабда ҳам, коллежда ҳам гувоҳномасиз таҳсил олган. Наҳотки ота-она боласининг тақдирига шунчалик бефарқ бўлса? Ёки мактаб маъмурияти нега гувоҳнома олиб келиш талабини қўймаган? Ахир тегишли қонунларга кўра бу ҳужжатсиз мактабда таҳсил олиш мумкин эмас-ку. Афсуски, паспортини олмай, никоҳдан ўтиб яшаш, кейинчалик фарзанд туғилганда ҳам гувоҳнома ололмай, сарсон бўлиш ҳолатлари учраяпти. Битта муаммо кетидан бошқалари чиқиб келверади. Ўз вақтида ҳал қилинмаган ҳужжат оила учун қанчалик кўп ташвиш орттираётгани оилалар ўрганилганда яққол намоён бўлди.
Шу йил туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан тўрт нафар кам таъминланган оилаларнинг никоҳи имтиёзли тарзда расмийлаштирилди. 
Малоҳат МИРЗАЕВА,
Пахтачи туман ФҲДЁ бўлими
мудираси.