Охирги янгиликлар

Халқ қабулхонасида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Мурожаат билан келган фуқаролар учун кутиш, рўйхатга олиш, она ва бола, тиббиёт хоналари намунали тарзда жиҳозланган Тойлоқ туманидаги Халқ қабулхонаси қисқа фурсатда эл оғзига тушди. Қабулхонага келиб тушаётган мурожаатларнинг тезкор ўрганилиб, муаммолар ҳал этилаётгани халқнинг мазкур идорага ишончи ортиб бораётгани ҳам сир эмас.  
Халқ қабулхонасига май ойининг 19-санасига қадар жисмоний ва юридик шахслардан 467 та мурожаат келиб тушган бўлса, 390 та оғзаки мурожаатга қонунларга кўра маслаҳат ва тушунтиришлар берилган. 76 та ёзма мурожаат ўрганиш учун тегишли идораларга юборилган. Ёзма мурожаатларнинг катта қисмига қисқа муддатда жавоб олиниб, муаммолар ижобий ҳал этилган, 15 та суд масалалари, 44 та ички ишлар идоралари фаолиятига оид, 16 та соғлиқни сақлаш, 48 та пенсия ва нафақалар, 50 та уй-жой ва ер участкалари, 27 та иш билан таъминлаш, 15 та кредит бўйича, 65 та моддий ёрдам олиш, олий таълим, алимент ундириш ва бошқа масалалар бўйича мурожаатлар қайд этилган.

– Таъкидлаш жоизки, туман Халқ қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти асосли бўлганлиги учун улар қабул чоғидаёқ ижобий ҳал қилинмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тойлоқ туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Усмон Муродов. – Фуқароларнинг ариза, шикоят, мурожаатларини мазмун-моҳиятига қараб тезда ҳал қилиш мақсадида тегишли ташкилот раҳбарлари, мутасадди идора ходимларининг иштироки таъминланмоқда. Мурожаатлари асоссиз фуқароларга қонуний асосда тушунчалар берилмоқда. 
Тойлоқ шаҳарчаси, Спитамен кўчасида яшовчи Ҳусен Бобоёров табиий газдан асоссиз қарздорлик бўйича қабулхонага мурожаат қилгандан сўнг масала ўрганилиб, фуқаронинг табиий газдан қарзи йўқлиги аниқланди. 

ўўлба маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар маҳалладаги носоз трансформатор туфайли электр энергияси узилганлиги ҳақида мурожаат қилишган. Масалани ўрганиш учун туман электр таъминоти корхонасига хат юборилиб, уч кун ичида муаммо ижобий ҳал этилгани, яъни трансформатор таъмирланиб, маҳалла электр энергияси билан таъминланганлиги тўғрисида жавоб хати олинди. 
Халқ қабулхонасига ариза ва шикоятлардан ташқари, ҳудуд ободлигини таъминлаш, яратилиши зарур шарт-шароитлар бўйича таклифлар ҳам келиб тушмоқда. Жумладан, Чароғбон маҳалласида яшовчи аҳоли вакиллари туман марказидаги деҳқон бозорида санитария-гигиена шароитларига эътибор қаратиш тўғрисида таклиф билан чиқишди. 

Ушбу таклифдан келиб чиқиб, фуқароларга туман ҳокимининг қарори билан буюм бозори савдо комплекси сифатида қайта ташкил этилаётгани, савдо дўконлари ва ҳожатхоналар доимий йўлга қўйилиши тушунтирилди. Бозор жойлашган ҳудудда транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатини тартибга солиш туман йўл қурилиши бўлими ва туман ИИБ ЙҲХБга юклатилди.
Чароғбон маҳалла биноси яқинида болалар майдончаси ташкил этилиши, дастур асосида келгусида маҳалла фуқаролар йиғини биноси кенгайтирилиб, реконструкция қилиниши ва маҳалла маркази ташкил этилиши билдирилди. 

Халқ қабулхонаси давлат органлари масъул ходимлари билан биргаликда жойларда сайёр қабуллар ҳам ўтказмоқда. Тумандаги Ястепа, Катта Тойлоқ маҳаллаларида ташкил этилган сайёр қабулда 170 нафардан ортиқ фуқаронинг мурожаати тингланиб, тегишли тавсиялар берилди. 
– Бундай сайёр қабулларда фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича тушунтириш ишлари ҳам олиб борилади, – дейди жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман суди раиси Баҳодир Жўраев. – Биз аҳолининг қонунчилик бўйича саволларига жавоб бериб, уларни қийнаётган муаммоларни қонуний асосда бартараф этиш чораларини кўрамиз. 
Яқинда вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Халқ қабулхонасида сайёр қабул ўтказиб, ер, банкдан кредит олиш масаласи, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун бўш бино ажратилиши ва почта хизмати масаласида фуқароларнинг мурожаати тингланди. Мазкур масалалар бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Зилола ОМОНОВА.