Охирги янгиликлар

Аҳолининг муаммолари ўрганилмоқда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Жомбой туманидаги Халқ қабулхонаси бошқа туманлардаги каби энг қулай ва топиб бориш осон бўлган, транспорт хизмати муқим йўлга қўйилган марказий ҳудудда  жойлашган. Иш вақти бошланганига ҳали ярим соат бўлмасдан кутиш залида 15-20 га яқин мурожаатчи йиғилганига қараганда, жомбойликларнинг ҳам ташвишу муаммолари ўзига яраша. 
Тумандаги Сарчашма маҳалласида истиқомат қилувчи Гулчеҳра Мирзаева билан ҳамсуҳбат бўлиб, қандай муаммоси борлиги, уни Халқ қабулхонасига қай сабаб етаклаганини сўрадим. Маълум бўлишича, опанинг турмуш ўртоғи Холмўмин Ўрозов 1981-1983 йилларда Афғон урушида қатнашган, мина портлашидан жароҳат олган. Уйига қайтгандан сўнг саломатлиги учун оғирлик қилмайдиган ишлар билан шуғулланиб, устачилик қилиб рўзғор тебратаётган экан. Опа кейинги пайтларда турмуш ўртоғининг саломатлиги ёмонлашгани, шу сабаб у кишини нафақага чиқариш ҳаракатида юрганини айтди. "Халқ қабулхонасига шу масалада маслаҳат сўраб келдим, – дейди опа. – Ўша вақтларда урушда яраланиб, госпиталда ётганларнинг ҳужжати Санкт-Петербургдаги архивда сақланар экан. Шу ҳужжатни сўрашяпти. Менда эса уни қўлга киритиш имконияти йўқ. Кўнглимни оғритган яна бир нарса бор. Турмуш ўртоғимга Афғон уруши қатнашчиси сифатида эътибор йўқ. На байрамларда, на бошқа пайтлари эслашади. Ҳол-аҳвол сўрашмайди…"

Яна бир мурожаатчининг муаммосига эътибор қаратайлик. Ўзини тумандаги Қўнғирот маҳалласидан деб таништирган аёл газетада исм-шарифи кўрсатилишини истамади. Жувон турмуш ўртоғи билан ажрашган, икки фарзанди билан бирга ота-онасиникида яшайди. Аёл иккинчи фарзандига ҳомиладор эканлигини билганида эр-хотиннинг ажрими расмийлаштириб бўлинган эди. Ҳолат шундайки, аёлнинг қизалоғи 4 ёшга тўлди ҳамки, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани ололган эмас. Оталикни белгилаш учун отанинг идорага боргиси йўқ.  Фарзандига ўз фамилиясини бериш учун аёл ёлғиз она мақомини олиши керак. Аҳоли хатловдан ўтказилганда, қишлоқ врачлик пунктидан она ва болани рўйхатга олишганда ва ҳоказо ҳолатларда қизалоқнинг гувоҳномаси, фамилияси йўқлиги тушунмовчиликлар келтириб чиқармагани, аёлга ўз вақтида ёрдам ва тавсиялар берилмагани ажабланарли.   

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жомбой туманидаги Халқ қабулхонасига 2017 йилнинг 30 июнига қадар юридик ва жисмоний шахслардан 714 та мурожаат келиб тушди, – дейди Халқ қабулхонаси мудири Бултак Усмонов. – Мурожаатларнинг 372 таси ёзма, 342 таси оғзаки равишда қабул қилинган. Ёзма мурожаатлар тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилотларга юборилиб, белгиланган муддатларда жавоб оляпмиз. 530 та мурожаат эгаларига Халқ қабулхонаси ва мутасадди ташкилотларнинг ходимлари томонидан тегишли тартибда тушунтиришлар берилди. 124 таси қаноатлантирилди. 60 та мурожаат кўриб чиқиляпти. Гувоҳи бўлганингиздек, мурожаатлар мазмуни турлича. Жами мурожаатларнинг 92 таси уй-жой ва ер билан таъминлаш, 59 таси газ, электр энергияси, сув ва иссиқлик таъминоти, 59 таси ички ишлар масаласида, 51 таси пенсия ва нафақалар, 34 таси кредит, 43 таси алимент ундириш билан боғлиқ мурожаатлар, 20 таси иш билан таъминлаш, 15 таси давлат хизмати фаолияти масаласида ва қурилиш, солиқ тўловлари, суд қарори ижросига оид, йўл қурилиши ва бошқа масалалардаги мурожаатларни ташкил қилмоқда. 

Аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар орасида ободонлаштириш, маҳаллаларда болалар майдончалари, боғча қурилиши, болалар спортини ривожлантириш билан боғлиқ таклифлар ҳам талайгина. Тумандаги Қўлбости маҳалласи Тепа қишлоғида яшовчи Яхшилиқ Эшмуродовнинг Халқ қабулхонасига қилган мурожаатида Совет Иттифоқи Қаҳрамони Аҳмаджон Қурбоновнинг собиқ совхоз идораси биноси олдида ўрнатилган ҳайкали қаровсиз ётгани айтилиб, мурожаат эгаси ҳайкал атрофини ободонлаштириш таклифи билан чиқди. 
Мазкур мурожаат туман ҳокимининг ўринбосари, туман ҳокимлиги бош мутахассиси ҳамда Қўлбости маҳалла фуқаролар йиғини раиси иштирокида ўрганилди. Мурожаат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармасининг Самарқанд ва Жиззах вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекциясининг жавоб хатидан келиб чиқиб, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Аҳмаджон Қурбоновнинг бюсти Жомбой иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ҳудудига кўчириладиган бўлди.

Дарвоқе, мудир қабулида бўлган Гулчеҳра Мирзаевага турмуш ўртоғининг ўзи келиб, ариза билан ёзма мурожаат қилиши айтилди, фарзандига гувоҳнома ололмаётган аёлга қонуний ҳуқуқлари тушунтирилди. 
Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиб, уларнинг манфаатлари ҳимоясини таъминлаётган Халқ қабулхоналарининг ҳар кунги иш вақти турли мурожаатлар таҳлили, долзарб масалалар муҳокамаси билан якунланади. Эртанги кун яна ечимини кутаётган бошқа масалалар, дардига малҳам излаб, қабулхона остонасини ҳатлаётган мурожаатчиларнинг ташрифлари билан бошланади. 
Зилола ОМОНОВА.