Охирги янгиликлар

Ҳақ ишни халқ қўллайди Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Накурт қишлоғи Пайариқ туманининг марказига олис ҳудудида жойлашган. Туман Халқ қабулхонаси мутахассисларининг Накуртда сайёр қабул ўтказишидан хабар топган қишлоқ аҳли маҳалла биносига шошилди. Ўша куни туман прокуратураси, давлат солиқ инспекцияси, электр ва газлаштириш идоралари, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, бандлик бўлими мутасаддилари ва банк ходимлари билан биргаликда аҳолидан тушган мурожаатларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилди. 
Сарбозор маҳалласида ўтказилган сайёр қабулда Ўртасайдов қишлоғида яшовчилар ҳудудда аҳоли сони ортгани ва қўшимча трансформатор ўрнатишда ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилишган. Муҳиддин Худойназаров қишлоққа маиший газ баллонларининг ўз вақтида етказилмаётгани, Моҳира Равшанова турмуш ўртоғининг фуқаролик паспорти йўқолгани ва янги паспорт олишда қийинчиликларга дуч келаётгани, Мунира Убайдуллаева қишлоқда тоза ичимлик суви муаммоси юзасидан мурожаат қилган. Сайёр қабул давомида қайд этилган ушбу мурожаатларнинг барчаси бугунга келиб тўлиқ қаноатлантирилган. 

Навбатдаги сайёр қабул Зарафшон маҳалласида ўтказилди. Мурожаатлар мазмунига эътибор қаратсак, ҳудудда таълим соҳасида муаммолар борлиги кўзга ташланади. 88-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Умида Тоированинг мурожаатида Қўштепа, Қаландар, Ревоч қишлоқларида мактабгача таълим муассасаси йўқлиги айтилади. О.Норқулова ҳамда Ш.Анорқуловларнинг мурожаати 88-умумтаълим мактаби газ таъминотидан узиб қўйилганлиги ва электр энергиясидан қарздорлик нотўғри ҳисоблангани билан боғлиқ. Ҳанифа Рўзиева оилада кўпчилик яшаётгани учун алоҳида уй-жой берилиши юзасидан мурожаат қилди. Мазкур мурожаатларнинг 2 таси қаноатлантирилган, 2 таси кўриб чиқилмоқда. 

– Пайариқ туман Халқ қабулхонасига жорий йилнинг 1 сентябрига қадар 1016 та мурожаат келиб тушди, – дейди Халқ қабулхонаси мудири Қурбон Худойқулов. – Мурожаатларнинг 388 таси ёзма равишда қабул қилинган бўлса, 628 таси оғзаки мурожаатлар. Келиб тушган мурожаатларнинг 370 таси ҳудуддаги ташкилотларга, 18 таси тегишлилиги бўйича юқори ташкилотларга кўриб чиқиш учун юборилди. 628 та оғзаки мурожаат Халқ қабулхонасининг ўзида кўриб чиқилди. Жами мурожаатларнинг 430 таси тўлиқ қаноатлантирилди. 544 тасига тушунтириш берилди. 41 та ариза ва шикоят юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. 

Мурожаатларнинг 115 таси газ, электр ва сув таъминотига, 94 таси иш билан таъминлаш, 92 таси уй-жой билан таъминлаш ёки уй-жой қуриш учун ер ажратиш, 64 таси коммунал тўловларни ҳисоблашга, 87 таси алимент масалалари, 71 таси моддий ёрдамга муҳтожлик юзасидан, 66 таси пенсия тайинлаш ва нафақа пулларига оид, 64 таси коммунал тўловларни ҳисоблаш, 38 таси ички ишлар органлари фаолияти, 30 таси солиқ тўловларига оид ва бошқа масалаларда қайд этилган. 

– Қишлоғимиз ҳудудидаги кўприк кўп йилдан буён таъмирталаб аҳволда эди, – дейди Фидокор маҳалласи, Охунбобоев қишлоғида яшовчи Абдураҳмон Хушвақтов Халқ қабулхонасига ёзган ташаккурномасида. – Бунга эътиборсиз қаралдими, ҳарқалай, кўприкни таъмирлайдиган мард топилавермади ва масала юзасидан Халқ қабулхонасига мурожаат қилдим. Мана, мурожаатимдан сўнг қисқа муддат ичида қишлоқ кўприги таъмирланиб, ташвишимиз ариди. 

Коммунал тўловлар, солиқларни ўз вақтида тўлаб борсангиз-у, уйингизга каттагина суммада қарздорлик ҳақида хат келиб турса, мутасадди ташкилотлардан норози бўласиз. Кўктепа маҳалласи, Чандир қишлоғида яшовчи Роҳат Авазова билан ҳам шундай бўлди. У Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб, ёрдам сўради ва мурожаат ўрганилганда хонадоннинг солиқдан қарзи мавжуд эмаслиги аниқланди. 
Халқ қабулхонасига мурожаат билан келганлар муаммолари ечим топиб, Президентимиз номига ташаккурнома тақдим этиш мақсадида қайта остона ҳатлаётган экан, демак, аҳоли билан мулоқот жараёнини янада такомиллаштириш йўлидаги ишлар самара бериб, халқнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончи мустаҳкамланиб бормоқда. 

Зилола ОМОНОВА.