Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Шарқ тароналари" XII халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик ишлари бошланди

Шу йилнинг 26-30 август кунлари Самарқанд шаҳрида "Шарқ тароналари" ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивали ўтказилади. Дунё халқлари ўртасида ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, мусиқа санъати анъаналарини ривожлантиришга қаратилган ушбу фестивалнинг нуфузини янада ошириш мақсадида 2019 йил 26 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивалини ўтказишга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга биноан ҳозирданоқ мусиқа фестивалига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Жумладан, Регистон майдони атрофидаги уй-жойлар тартибга келтирилмоқда.

- Мажмуа атрофида 14 та кўп қаватли уй бор, - дейди вилоят Уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш бош¬қармаси бошлиғи Рустам Сатторов. - Бу йил уй-жойларда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш мақсадида 50 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди. Шу маблағнинг 5,3 миллиард сўми таъмирлаш ишларига йўналтирилади.

Жумладан, Регистон кўчасидаги бешта уйнинг кўринишига (фасади) миллий тус - шарқона безак берилади. Уйларнинг орасида - орқа томонидан қўшимча равишда яна учта автотураржой, иккита болалар майдончаси, саккизта шийпон қурилади. Тўртта жойда суғориш артезиан қудуғи қазилади. Ҳозир бу ишлар жадал олиб борилмоқда. Ободонлаштириш ишлари шу ойнинг охирига қадар ниҳоясига етказилади.

Хуллас, яқин кунлар ичида Регис¬тон ҳудуди кўркам қиёфа касб этиб, хорижий сайёҳлар ҳамда шаҳримиз меҳмонлари учун фусункор гўшага айланади.

Адҳам ҲАЙИТОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).