Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

@zarafshonbot‘га мурожаат: “Ёшлар уйи”да истиқомат қилувчиларга нега “Қишлоққурилишбанк” ходимлари карантин давридаги кредит қарздорлигини бирйўла тўлашни талаб қиляпти?

Самарқанд шаҳри Навоий шоҳкўчасидаги 7-уйда, яъни Ипотека кредити асосида 20 йил муддатга берилган “Ёшлар уйи”да истиқомат қиламан.

Фарзандим бетоб бўлганлиги сабаб, ишдан қолиб унга уйда қарашга мажбур бўлдим. Айни тушлик пайтида ўзини “Қишлоққурилишбанк” ходимлари, дея таништирган икки киши эшикни тақиллатиб келди. Улар “Карантин пайтида тўламаган қарзингиз қанчалигини биласизми? Сизнинг ишингиз судга оширилганидан хабардормисиз? Тўламасангиз, ўзингизга ёмон бўлади”, деб дағдаға қила бошлади.

Бу биринчи ҳолат эмас, айрим қўшниларнинг айтишича, биз ишда бўлган вақтимизда айнан шу масала юзасидан бир неча маротаба банк ходимлари келишган. Бундан ташқари, турли рақамлардан банк ходимиман, банк юристиман, “Фалон миллион пулни тўламасанг, ишингни судга ошираман”, деб қўнғироқ қилиб, босим ўтказиб келмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳақида айтганимда “бу фармоннинг сизларга тааллуқли жойи йўқ”, деди ўзини банк юристи, деб таништирган киши. Банкнинг ҳуқуқий бўлимида фаолият юритаётган ходимнинг давлат раҳбари фармонининг мазмун-моҳиятини тушунмаслиги ажабланарли эмасми? Иккинчидан, биз пандемия туфайли кредитимизни маълум муддатга тўлай олмадик. Ҳолбуки, карантиндан аввалги даврда жадвал бўйича ойма-ой кечиктирмай тўлаб келганмиз.

Бутун инсоният бошига келган мислсиз офат кўпчилик қатори мамлакатимиз иқтисодиётига, қолаверса, давлат ташкилотларининг моддий аҳволига ҳам салбий таъсир кўрсатгани ҳаммага маълум. Бунинг оқибатида биз каби давлат ташкилотларида ишлайдиган, фақат маошига кун кўрадиган ходимларнинг устамалари кескин камайтирилди.

Ўйлаб кўринг, битта оилада бир кишининг 1 600 000 сўм маоши билан ҳам тирикчилик қилиб, ҳам кредит тўлаш мумкинми? Пандемия вақтида, яъни олти ой мобайнида йиғилиб қолган 8-9 миллион қарзни қандай қилиб шу маош билан бирйўла тўлаш мумкин?

Банк ходимларининг ушбу талаби асослими?

Зарина РАҲМОНОВА.