Охирги янгиликлар

Ушалмаган орзу Ҳажвия

Бердирайимнинг уйланганига уч-тўрт йил бўлиб қолди-ёв! Бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак дегандай, Бердирайим кичкинагина рўзғорни деб қишин-ёзин тиним билмайди. Ўз ишидан ортиб, одамларнинг у-бу ишларини ҳам қилиб кетаверади, савдолашиб ўтирмайди, берган тўрт-беш сўмига рози бўлаверади. Лекин ҳар қанча ҳаракат қилмасин, битта сигир олишга қурби етмайди. Садоқатли эшаги борлиги кўнглига таскин беради, пиёда юрмайди. Ўтин-чўп, бозор-ўчар дегандай, кунига яраб турибди. Буёғи тўй-маърака, пиёда юрганлар қанча?
Афсуски, худо кўп кўрди, бу эшак ҳам омонат экан. Эрталаб чой маҳали хотини Салтанатхон зарда билан гап қотиб қолди. 
– Қанақа эрсиз ўзи? Битта сигир олишга қўлингиз етмаса-я?
Таъна Бердирайимнинг жон-жонидан ўтиб кетди. 
– Нима қил, дейсан? Топганим рўзғордан ортмаса! Э… – Бердибой жаҳл билан эшакни миниб чиқиб кетди. 
Кун бўйи уйга қайтмади. "Эримга қалтисроқ гапириб, яхши иш қилмадим-ов" – Салтанатхон хавотирга тушди. 
Бердирайим бозорда эшакни сотиб, пулига сигир олиш учун мол бозор оралаб кетди. Бир пайт рўпарасидан синфдош дўсти Мамарайим чиқиб қолса бўладими.
– Э, қалайсан, дўстим, ўзиям кўришмаганимизга минг йилча бўлди-ёв, – Мамарайим қучоқ очиб кўриша кетди. – Оббо, сеней, жа ўзгариб кетибсан. Менга қара, бироз шаштинг пастроқ кўринадими?
– Ҳа, рўзғор ташвиши-да. Бир сигир олсамми девдим, – Бердирайим ғала-ғовур мол бозорига кўз югуртирди. – Эшакни сотувдим, пули етармикан, деб ўйлаб турибман. 
– Қўйсанг-чи дўстим, шу ҳам муаммо бўптими, олдин юр ошхонага, учрашганимизни бир нишонлайлик, сигир бир гап бўлар, пулинг етмаса мана биз бормиз! – Мамарайим Бердирайимни қўймай чойхонага судради. Бердирайим чўнтагидаги эшакнинг пулини чамалаб кўриб, ноилож дўстига эргашди. Кейин нима бўлгани эсида йўқ. Алламаҳалда боши тарс ёрилгудек бўлиб, ҳушига келди. Дабдурустдан аввал қаерда ётганини билмади… Кейин кўзини зўрға очиб, ўзининг айвонида ётганини англади. Хотини бошида йиғлаб, қарғаниб ўтирарди. 
– Вой, сигир олгим келмай мен ўлай. Эшаккинамизнинг ўзи яхши эмасмиди-я! Оғиримизни енгил, узоғимизни яқин қилиб турувди-я! Эсиз эшагим-а!
Бердирайим беихтиёр чўнтагига қўл тиққан эди, икки-учтагина ғижимланган пул қопти, холос. У хотинининг дийдиёсига дош беролмай, бошини чопонига ўраб олди…
Яқинда эшитсак, Бердирайим эшак ва сигир сотиб олиш учун аллақаерга иш излаб кетибди. Ишқилиб, омадини берсин-да.
Қаюм ТУРFОН,
Нуробод тумани, Жом қишлоғи.


Reklama huquqi asosida