Охирги янгиликлар

"Ижод олами" саҳифаларида... Китоблар

Адабиёт оламидаги янгиликлар, машҳур ёзувчи ва шоирларнинг ижод намуналари билан танишиш имконини берувчи янги "Ижод олами" журнали қисқа фурсат ичида ўз мухлисларини топди. Журналнинг 2-сонида чоп этилган қизиқарли асарлар ҳам адабиёт ихлосмандларини бефарқ қолдирмайди. 
Журналнинг "Суҳбат" рукнида Сайёра Рашидованинг "Отам ҳақида хотира ёзишга журъатим етмайди" сарлавҳали суҳбатини ўқийсиз. "Сўнмас сатрлар" рукнида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов умрининг сўнгги йилларида ёзган шеърларидан баҳра оласиз. Неъмат Арслоннинг "Маҳбуснинг иккинчи ҳаёти", Гулчеҳра Асранованинг "Ой қиз", Фозил Фарҳоднинг "Кўклам куйи" ҳикоялари "Наср" рукнидан жой олган бўлса, "Назм" рукнида Муҳаммад Юсуф ва Дадахон Муҳаммадиев шеърларини ўқийсиз. 
Журналнинг "Хотира" саҳифасида ёзувчи Абдусаид Кўчимовнинг Абдулла Орипов ҳақидаги "Сўнгги суҳбат" эссеси чоп этилган. Журнал саҳифаларида шунингдек, таниқли шоир Одил Ҳотамов билан суҳбат, Нурилла Чорининг "Дуога очилган қўллар" мақоласи, жаҳон адабиёти хазинасидан Ги де Мопассаннинг "Мурданинг қўли" ва Умар Сайфиддиннинг "Форса" ҳикоялари, Бахтиёр Олломуроднинг "Кунлардан бир кун" ҳангомаси, Адҳамбек Алимбековнинг "Япроқ ҳикоялар"ини ўқишингиз мумкин. 
З.ОМОНОВА.