Охирги янгиликлар

Ўқиш бошқа, мутолаа завқи бутунлай ўзгача Наср

Болалик давримни эслайман. Ёши улуғ кишилар: "Телевизор деган "бало" чиқди-ю, болалар китоб ўқишга қизиқмай қўйишди", дейишарди. Энди эса биз – улуғ ёшга етганлар: "Қўл телефони, компьютер деган "балоларнинг балоси" чиқдики, болаларнинг онги заҳарлана бошлади", демоқдамиз. 
Бу икки авлоднинг фикри қанчалик ҳақиқатга яқин? Шу ҳақда мушоҳада юритсак.

Айтайлик, хиёбонда икки ёш ўтирибди. Бирининг қўлида китоб, иккинчисиникида эса уяли телефон. Уларни кузатинг. Кўнглингизда иккаласига нисбатан икки хил фикр пайдо бўлади. Дейлик, телефон тутган бола ҳам балки китоб ўқиётгандир. Бироқ ишонч билан айтаманки, қўлида китоби борга бошқача меҳр билан қараймиз. Кўп ҳолларда ёшлар қўл телефонидан "шпаргалка" ўрнида фойдаланишади ва уни имтиҳонда ёрдам берувчи "нажоткор"и дея эҳтиётлаб олиб юришади. Бунда ҳеч қандай мутолаа йўқ. Ҳатто имтиҳондан чиққач, айримлари берилган саволни ҳам, ёзган жавобларини ҳам эслай олишмайди. 

"Сотка" ҳақиқатан ҳам ёмон нарсами? Бунга "ҳа" деб жавоб бериш нотўғри. Сабаби, ундан фойдаланиш маданияти етарли эмас. 
Китоб ва унинг мутолааси ҳақида улуғ кишиларнинг фикрлари ниҳоятда кўп. Ҳамма нарсанинг ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари бўлганидек, барча китобларни ўқийверишлик фойдали эмас. Айниқса, ҳозир "сариқ" матбуотнинг урчиб кетганлигини ҳисобга олсак, ўқийдиган китобларни танлай билиш зарур. Зеро, сизни ўйлашга, теран фикр юритишингизга мажбур этадиган китоблар энг фойдали ва ўқимишлидир.
Китоб ўқиганда ёки унга боққанда бор эътибор битта йўналишга қаратилади. Китобни қўлда тутиб туришингизнинг ўзи сизга қандайдир масъулият юклагандек бўлади. Уни ўқишда сизга акс нур бермайди. Кўз нуримиз китобга сингиб, ундаги маълумот гўёки қалбингизга синггандек бўлади. Бу ҳиссиёт, сезиш билан боғлиқ нарса. 

Айримлар эса қўл телефонида китоб ўқишни қулай деб ҳисоблайди. Аслида телефон экрани кўз нурини олади, инсон соғлиғига зиён етказади. 
Менимча, биз бир-биримизга, яқин-биродарларимизга китоб совға қилишни одат қилсак, юқорида тилга олинган муаммо тезроқ бартараф этиларди.
Аҳмад ЭЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти доценти.