Охирги янгиликлар

Ота юрт соғинчи Наср

Чамаси, бундан уч йиллар аввал отам билан муроди мудом эзгулик ва яхшилик бўлган манзилда пою пиёда кетиб борардик. Замин сарҳадларидан баҳор ҳавоси уфуриб турарди. Кета-кетгунча кенг сайҳонликларда тоғу тошлар маҳобати бизга ҳамроҳ бўлди. Чарчоқ нелигини эсдан чиқараман. Отамдай ўктам тоғлар, онамдай ҳокисор адирликлар бўйлаб эсаётган мусаффо ҳавога ўпкамни тўлдираман. 
Отам болалиги кечган жойлар ҳақида ҳикоя бошлайди. Негадир, у ҳар сўзида хўрсиниб қўяди. Ўшанда, манзилга – ота юрт истиқболига мушарраф бўлгунча, ғўрлигим боис, бунинг сабабини отамнинг болалиги оғир турмушнинг қора қозонида қайнаганлиги билан изоҳлаб боргандим. Бугун бу фикрдан анча йироқман…
Ота юртим Кўктўнли – отамнинг киндик қони томган, отамни тетапоя қилган тупроқ. Бу ер доим хаёлимда бари инсоний ҳислар: меҳру оқибат, бағрикенглик ва меҳмоннавозлик туйғуларига алла айтган қадимий бешик бўлиб гавдаланади. 
Бугун яна йўлдаман. Фақат отамсиз…
Мени юрт остонасида отам таҳсил олган, яқиндагина таъмирланган 39-умумтаълим мактаби қарши олади. Ўқувчилар учун яратилган имкониятларни кўриб қувонаман. Отамнинг мактаб хотиралари хаёлимда жонланади. 
Ташрифимнинг эртаси куни "Кўктўнли ота" қабристонига йўл оламан. Қабристон дарвозасидан кираверишда аскарлардек саф тортган, майин шамолдан боши хиёл эгилган арча дарахтларига кўзим тушади. Улар менга тиловат қилаётган солиҳ кимсаларни эслатади. 
Қабристоннинг кириш жойидан ҳар бир қабр тепасига қадар чўзилган бир текис йўлакчалар, осуда макондаги саришталик бу озод ва обод Ватанда инсон қадр-қиммати улуғ, хотираси муқаддаслигини айтиб туради. 
Сафарим ниҳоялаб, отам юрган излар билан хайрлашаман. Ота юрт тупроғини бағримга босаман. Юрагимнинг ҳар уриши отам дейди…

Тўлқин ХАЛИЛОВ,
Қўшработ тумани.