Охирги янгиликлар

Муштоқлик Новелла Наср

Бундай хоҳишга дучор бўлганлар кўп – одам баъзан ниманидир истаб қолади. Нимани? Афсуски, нима эканлигини билмайди. Лекин ўша ниманинг нималиги гўё аён, у ҳозир кўзига тушадию, унга бўлган интиқлик ҳисси бирдан барҳам топадигандек, ички бир ишонч билан, орзиқиш-у умидворликда атрофга аланглайди, хонадан тополмай, дераза оша ташқарига мўралайди, нигоҳининг ҳазмига қаноат қилмай, остонага чиқади, таниш манзараларга кўз тикиб, излагани йўқлигидан ҳаловат топа олмаганини, уни топмаса, тополмаса, хотиржам бўла олмаслигини сезади.  

Мен айни вақтда шундай лаҳзаларни бошимдан кечиряпман – ўзим ўзимдан норози, ўзим ўзимга бегона, ўзим ўзимни тополмай, дилгир бир алфозда хонага кираман, хонадан чиқаман. Нега кираман, нега чиқаман, билмайман. Билганим, ниманидир истаганим. 
Мен, нафақат ўзимда, бошқаларда ҳам бўлганига ишончим комил бўлган бир ҳолатни кўп кузатганман. Бу ногаҳон бир нарса ёдимга тушиб, уни топмоқ илинжида ҳаракатга тушганим. Излаганим қаерда тургани аниқ, лекин уни ҳар доимги турадиган жойидан тополмай, аввалига ажабланиб, кейин бироз ўйланиб, бу орада ҳайронлик ўз ўрнини асабийликка бўшатиб берган бир вақтда, ўша нарса яна қаерда бўлиши мумкинлигини хаёлдан ўтказарканман, атрофга аланглаганча, бирдан яна ҳозиргина излаган, лекин ахтарган нарсамни тополмаган жойни, билмайман нечанчи бор кўздан кечириб, кейин топилиши мумкин бўлган бошқа жойларни ҳам кўрпанинг авра-астарини ағдаргандек, тит-питини чиқариб, охири ноиложликдан, оғир меҳнат қилиб ҳолсизлангандек, мубҳам бир кайфиятда, тақдирга тан берган нотавон каби тушкунликда қолганман. 

Менга нимадир керак. Ўша нимадирга бўлган эҳтиёж тану жонимга ҳаловат бермайди. Энг ажабланарлиси, унинг менга жуда танишлиги, ҳатто қадрдонлиги. Унга бўлган интиқлигим шунчаларки, соғинч каби кучли туйғу ҳам менда бўлган бу хоҳишни илгари кўнглимга солмагандек. Нималигини билганим, мана бир неча кунки, ўз мавжудлигини кўзимдан яшириб, тап-тақир кўнглимга нотинчлик уруғини қадайди. Хаёлимда бу уруғ дарров ниш отиб, чирмовуқдек юқорига ўрлаш билан бирга, энига ҳам ёйилиб, кўнглимнинг ҳаловат осмонини эгаллаб олгандек. Шунақа азоб ҳам бўларканда, тугаши аниқ бўлмаган, охири йўқ.
– Ойингизни бир кўриб келмайсизми?

Супада туриб ҳовлига тикилган, лекин ҳеч нарсани илғамаган паришон нигоҳим мени ҳушёр торттирган таниш  овоздан сергакланади. Бошимни буриб ёнга қарарканман, хотинимга кўзим тушади. Уйдан нега чиққан, кўзим таъқиб қилишга ҳам улгурмай, у яна нега уйга кириб кетди, тушунмайман. Наҳот бир оғиз гапни айтиш учун чиққан бўлса? Яна қанақа гап денг? Умуман хаёлимга келмаган гап. Тасаввуримда онам гавдаланди. Мактабдан ҳориб-чарчаб келадиган, бувим сузиб келган овқатни шоша-пиша еб, хўжалик идорасига йиғилишга отланадиган аёл. Агар бормаса, кун оққанда колхознинг Салим бобо деган қоровули дарвозадан туриб овоз берарди. "Директор опа, раис чақиряпти". Ўша онам. Олтмишга кирганда базўр нафақага чиқаргандик. Райком, районо хафа бўлди, деб кўп куюнганди у. Кадр кам эканми у вақтлар, ё ҳозиргидек талабгор бўлмаганми? Ўшанга ҳам қанча вақтлар бўлди, эҳ-ҳе. Ахир ойим саксонга яқинлашди. 

Кўчага чиқиб, мени ойимникига боришга ундаган хотинимни ўйладим. Унга бирор нарса айтмаган бўлсам. Ҳолатимни дарров англаганига қойил қоламан. Шу билан бирга айрим келинларнинг қайнонасини ёзғиргани кўнглимдан ўтади ва айбни, ўзлари ҳам киноя билан тасдиқлайдиган ёшларга тўнкайман. Чунки оналар ҳақида ёмон фикр айтилиши мумкин эмас. Ҳаммани она туққан, ахир. Фақат ота уйимга тез-тез боришимга монеълик қилган укамнинг авзойи – кириб боришим билан юзида пайдо бўладиган норозилик аломатини эсласам, кўнглим хижил тортади. Негадир мени ёқтирмайди. Ёки, аксинча, мен ёқтирмайманми уни? 

– Салом, ойи, – дейман онамнинг алоҳида ўзи яшайдиган хонасида ўзим қандай тасаввур этган бўлсам, шу алпозда ўтирганини кўриб. Ўзатган қўлимни ўзига тортиб, пешонамдан ўпади. Сўнг ёнида, совимасин деб, сандалга ёпилган кўрпа остига қўйилган чойнакни олиб, пиёлага озроқ чой қуяди. Узатишга қийналмаслиги учун чўзилиб, пиёлани оламан ва бир қултум ичаман. Кийик ўти солиб дамланган тўқсон беш чой, хуштаъм, лекин илиб қолган. Ойимнинг қизарган юзига қарайман. Гўштдор, аммо сўнгги вақтларда мени ўртантириб юборадиган салқиган яноқлар. Ажинлар ўз кучини кўрсатган – ҳорғин боққан нигоҳгача кексаликнинг асорати яққол намоён ва бу мени ҳушёр торттиради. Шу билан бирга табиатнинг азалий тартибига ҳеч ким таъсир этолмаслиги кўнглимдан ўтиб, ожизлигимдан ўкинаман. Қайси духтирга кўрсатган бўлсам, улар бир гапни ойимга такрорлашган: "Ҳаракат қилиш керак, онажон". Мен бу гапни айтолмайман, хафа бўлади ойим. Нафақага чиққунча у шунчалар кўп ҳаракат қилганки, энди ўрнидан қўзғалишга ҳам мадори йўқдек. Эрта-ю кеч қимирламаса. Ҳеч ким безовта қилмаса уни. Укамни мажбурлаб, уйнинг полини буздириб, сандал ўрнаттирган. Ичида ҳарорати бошқариладиган иситкич. Баъзан оғриб қоладигани эсига тушиб, кўрпанинг остига тиқиб олган икки оёғини уқалаб қўяди, кейин шу иш ҳам малол келгандек, қўлларини икки ёнга ташлаб, уф тортади. Қўлларини ҳам истамай, мажбуран ҳаракатлантиргандек туюлади менга. 

Яна хаёлга бериламан. Боя, супада, намҳуш ҳаводан этим жунжикса-да, уйга кирмай ниманидир истагандим. Ҳеч кимнинг йўқ дардимга даво бўлолмаслигига амин эдим. Ҳа, йўқ дардимга!? Чунки ҳеч қандай дард мени қийнамаслиги ўзимга маълум. Дарднинг йўқлиги ҳам дард эканда. Дард бўлганда ҳам, давоси йўқ дард. Яна, ҳеч ким бу дарддан фориғ этолмайди. Ахир "ҳеч ким" бўлса, у қандай халос этиши мумкин. Ҳа, дардни "ҳеч ким эмас", "ким"дир бартараф этади, шундай. Агар у йўқ дард бўлса, яна-да мушкул. Ҳар қандай "ким" ҳам бу мушкулотни ечишга қурби етмайди. Ҳозир, ҳар доимгидек онам, фақат оналарга хос бўлган илоҳий бир куч билан кўнглимдан беҳаловатликни қувяпти. Буни яққол сезаяпман. Чунки супадаги ҳолатим билан ҳозиргисининг фарқи ер билан осмонча. Лекин онамдан эрта ажралсам, ким менга беғараз ёрдам кўрсатади. Атрофимдаги мансабим ортса кўпаядиган дўстларимми? Шошма, ахир, мартабага эришгунча ҳам дўстларим бўлган-ку? Юқори лавозимнинг омонат курсисига ўтириб, уларни йўқламаган мен эмасми. Казоликдан олдин улар билан қанчалик дардлашардик. Аслида эса, ўша вақтлар дард деганининг ўзи йўқ эди бизда. Демак йўқ дардни йўқотадиган "ҳеч ким" эмас, фақат беғараз бўлган "ким"лардир керак бўларканда. Булар она, ҳақиқий дўстлар... Онам бор, лекин ҳақиқий дўстларим борми? "Ким"нидир истасам уларни топа оламанми? 
Уйимга қайтиш учун ойимдан изн сўрадим. Ойим умримга барака тилаб, дуо қилдилар. Келишим билан дастурхон ёзиб, яна нималаргадир уннаётган укамнинг хотини тез турганимдан гина қилиб, овсинига салом айтишимни тайинлаб қолди.  
– Ўтган ҳафта синфдошингиз салом айтди дегандинг. Ким эди у? – уйга қайтиб, куймаланиб юрган хотинимга гап отаман. Ўшанда унинг гапига эътибор бермаганим ёдимга тушади. 
– Бироз оқсайди. Эски машинасида одамларни бозорга этиб-кетирадику...
– Эсладим., Тоҳир. Ўша оқшом дилим таскин топди, ором олиб ухладим. Гарчи ахтарган нарсамни топмасам-да, хаёлдаги саволларимга жавоб топгандек бўлдим.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ.


Reklama huquqi asosida