Охирги янгиликлар

Империяни тиз чўктирган император Ёхуд самарқандлик аждодимиз - бўрилар асраган чақалоқнинг оламшумул ишлари ҳақида лавҳа Наср

Қуйида сўз юритилаётган шахс - саркарда Ан Лушан ўзбек тарихи учун умуман номаълум ва ўрганилмаган ном. 2007-2008 йилларда илмий изланишлар олиб бориш учун Хитой давлатида бўлдим. Шунда "Булоқ" ("Danhuang") тарихий-адабий журналида асли келиб чиқиши Самарқанддан бўлган генерал Ан Лушаннинг саркардалик фаолияти билан боғлиқ маълумотларни ўқиб қолдим. Табиийки, менда аждодимиз ҳақда кенгроқ маълумот тўплаш нияти туғилди. Хитойдаги ўнлаб тарихий манбаларни ўқишим натижасида қўлингиздаги мазкур мақола юзага келди. 
VII асрда кечган тарихий жараёнлар 16 мингга яқин оила юртимиздан Хитой бошкенти - Чанъанга кўчади. Улар орасида ёш ва моҳир саркарда Ан Лушан ҳам бор эди. 

Ан Лушан нисбасидаги хитойча "Ан" (тўлиқ "Анго") "Буқарақ" ("буқача") маъносини беради. Ўша пайтларда турклар Бухорони "Буқарақ" деб аташган. Шунингдек, Ан Лушан бирламчи битикларда Кан Ялошан деб ҳам аталган. "Кан" эса хитойча Симизакан (Семизкент) деб аталишини инобатга олсак, Ан Лушаннинг туғилган юрти Самарқанд бўлиб, у кейинчалик Бухорога аскарлик хизматига ўтгани ойдинлашади. Лушан ва Ялошан исмларида ўзбекча алп маъноси бор. Ан Лушаннинг асли исми Алпэр (Алп арслон) бўлган.
Хитой манбаларига кўра, Алпэр туғилганда турли илоҳий кучлар уни ўз ҳимоясига олган экан. Янги туғилган чақалоқ ётган жой туман каби турланувчи кўкимтир тусга кириб, ялтираб, товлана бошлабди. Қаердандир бўрилар келиб, чақалоқ атрофида доира қуриб, айланиб, увиллаб-увиллаб, сўнг ортига қайтиб кетибди.

704 йилда ўарбий Турк ҳоқонлиги емирилгач, Алпэр бошқа йигитлар қатори Хитой қўшинига ёлланма жангчи сифатида ўтади. У оддий аскар, ясовул, атаман, аванғар қўрбошиси бўлган кезларидаёқ жасурлиги ва шиддатли жанг олиб бориши билан Хитой императори Сюаньцзун (685-762 йй.) назарига тушади. Жанг қилишда ўта моҳирлиги туфайли Ан Лушан бош қўшин генерали этиб тайинланади.
Император билан унинг яқинлиги ота-ўғил каби бўлган. Ан Лушан саройда ўтадиган барча байрам ва қабулларда доим қатнашади. У шунчалик ўзига ишонган ва эркин эдики, императорнинг истагига қарамасдан унинг ёнига ўтирар, ўз ўрнида Сюаньцзун ҳам унга алоҳида ҳурмат кўрсатарди. Қария императорнинг Ян Гуйфэй исмли канизаги бўлиб, Ан Лушаннинг жасорати уни ўзига ром этганди. Кўп ўтмай уларни ишқий ришталар боғлаб туради. Бу орада ўарбда кидан ва уйғурлар қўшини Тан империясига хавф сола бошлайди. 736 йили уруш бўлади. Император ёвқур қўшинли генерал Ан Лушанга ишонади ва юртдошимиз жанггоҳдан музаффарона қайтади.

Хитойнинг сарой аъёнлари, ҳарбийлар ва вазирларнинг кўпчилиги генерал Ан Лушанни "келгинди", деб кўролмас, шу сабаб император билан унинг орасига турли иғво гап ва фитналарни солардилар. Аммо Ан Лушан туркийларга хос шижоатини чинликларнинг айёрлиги билан ўзида мужассам эттира олган уддабурон шахс эди. Буни у душманлардан олдин, ўзи уларни таг-туги билан йўқ қилишга киришганидан билиш мумкин. Ан Лушан барча масалаларга барҳам бериш учун ҳокимиятни ўз қўлига олишни режалаштиради ва қўшинини Туркистон ўлкасидан борган юртдошлари, киданлар ва маҳаллий турклар билан кучайтиради. Саройдаги вазият ҳокимиятни қўлга олишга жуда ўнғай келганда Ан Лушан ҳаракат қилади ва 755 йилда халқнинг ҳукуматдан норозилигидан фойдаланиб, исён кўтаради. Бу исёндан аввалроқ у Ян Гуйфэйни огоҳлантиради. Ян Гуйфэй эса ўз навбатида Ан Лушандан яқин маслаҳатчиси Чжуанга сир бой бермаслик, ишонмаслик ҳамда кекса император Сюаньцзунни тирик қолдиришни илтимос қилади.
Генерал Ан Лушаннинг 150 минглик қўшини император саройи томон юриш бошлайди. Исёнига жавобан сарой аъёнлари қистови билан император Ан Лушаннинг ўғлини қатл эттиради ва 170 минг жангчидан иборат ҳукумат қўшинини исённи бостиришга юборади. Ан Лушан бу армияни тор-мор қилиб, биринчи шарқий пойтахт - Лоянни эгаллайди, сўнг сарой жойлашган пойтахт Чанъанга ғолиб сифатида кириб боради. Император ва сарой аъёнлари пойтахтни ташлаб қочиб, қочқинликда жон сақлайди. 

Ан Лушан император деб эълон қилинади. Унинг империяси Ян империяси номи билан тарихга киради. Янги император қўшини Хитой ҳукумат армияси билан Ланбао шаҳри ёнида яна тўқнашади. Бу жанг принципиал аҳамият касб этиб, хитойларнинг Тан империясини қувватловчи барча куч шу ерда тўпланади. Чэньтао кўли ёнида икки қўшин шиддатли жангга киришади. Туркийлар Хитой қўшинини тор-мор қилади. 756 йилнинг ёзида Ан Лушан Хитойнинг учинчи йирик шаҳри - Шэнсини эгаллайди. Ан Лушаннинг мардона юриши Хитой империяси тақдирига нуқта қўйилаётган тарихий лаҳзада хитойликлар жонига уйғур ва тибетликлар оро киради. Исён туфайли тахтдан воз кечган император Сюаньцзун Сичуан қўрғонида жон сақлайди. Унинг ўғли ва вориси Суцзун (711-762 йй. 756 йил тахтга чиққан) рақиб қўшинлари билан тезда алоқага киришади. Уйғур ҳоқони Элетмиш Билгақаған (Мюнчурхон. 747-759 йй.) Суцзунга ёрдам бериши учун бир қанча шарт қўяди. Ҳаёти қил устида турган Суцзун, табиийки, барча шартларни бажаришга кўнади. Шу зайл 756 йилнинг октябрида Билгақаған Ан Лушанга қарши юришни бошлайди. У дастлаб исёнчилар тарафида курашган ўғуз (тонғра) эли қўшини билан жангга киради. Ўғузлар енгилади. Бир қисм ўғузлар Чанъан тарафга йўл олади. Содда уйғурлар Хитой сиёсатининг катта ваъдаларига гўллик билан ишониб, Тан сулоласини сақлаб қолиш учун жиддий кураш олиб боришади.

Ан Лушан империяси тақдири учун шундай қалтис давр кечаётган пайтда фитна юз беради. Ян Гуйфэйнинг маслаҳатчи Чжуандан эҳтиёт бўлиш ҳақидаги хавотири, афсуски, ўзини оқлайди: 757 йил 30 январь тунида Ан Лушан Чжуан ва тансоқчиси Ли Жуэр томонидан хиёнаткорона ўлдирилади. Хитой империясини тиз чўктирган генерал, янги салтанат тузган император Ан Лушан мана шундай оддий тарзда, сотқинлик қурбони бўлади. Унинг ўрнига ўғлини тахтга ўтқазиб, ҳокимиятни амалда Чжуан бошқаради.

757 йилнинг кузида уйғур-хитой қўшма армияси Фэншуй дарёси бўйида Ан Лушан бошқарувисиз қолган қўшин билан тўқнаш келади. Исёнчилар пистирмага яширган кучларга ишониб, Хитой қўшинини тузоққа туширишни режалаштиришади. Бироқ бу усулни яхши билган уйғурлар орқадан айланиб ўтиб, Ан Лушан армияси режасини йўққа чиқаради. Улар биринчи марта мағлуб бўлади. Лекин Ан Лушан жанг мактабини ўтаган исёнчилар ҳам анойилардан эмасди. Чанъан бой берилгач, улар тоғларга чекинади. Изидан тушган уйғурлар тоғлар оралаб юрганларида исёнчилар яширинган жойларидан чиқиб, шаҳарда қолган Хитой генерали Го Цзии армиясига ҳужум қилади ва минглаб аскарларни ўлдиради. Фақат ортига, ёрдамга қайтган уйғур қўшини Хитой армиясини ҳалокатдан сақлаб қолади. 

Кўп ўтмай Го Цзии армияси Лоянга ҳужум уюштиради. Анча кучсизланиб қолган исёнчилар бу шаҳарни ҳам ташлаб чиқишади. Уйғур қўшини шаҳарни уч кун талайди. Император ғалаба шарафига Билгақағанни "амакивачча" деб атайди. 
Бу пайтга келиб Ан Лушан ишини дўсти Шисимин (703-761йй.) давом эттиради. Бироқ Ян империяси анча тарқоқ ҳолга келиб қолганди. Бундан фойдаланиб, Хитой генерали Го Цзии бошчилигидаги қўшин Ечен шаҳрида қўним топган Ан Лушаннинг ўғлини қамалга олади. Бундан хабар топган Шисимин ёрдамга етиб келиб, Хитой армиясининг ортидан қақшатқич зарба беради. Шисиминнинг бундай мардонавор ҳаракатидан қўрққан император яна уйғурлардан ёрдам сўрайди. Билгақаған қўшинини Хитой императорига ёрдамга юборади. Натижада Чанъан исёнчилардан қайтариб олинади ва император Суцзун 758 йили қария отаси Сюаньцзунни яна пойтахтга олиб келиб, тахтга ўтқазади. 

759 йили Шисимин ўзини Ан Лушан империясининг янги императори, деб эълон қилади ва стратегик аҳамиятга эга бўлган яна икки шаҳар - Хэян ва Хуайжоуни забт этиб, ўз империясига қўшади. Аммо 761 йил апрель ойида Шисимин Ан Лушан каби яқинлари томонидан хиёнаткорона ўлдирилади, ҳокимиятни унинг ўғли Шичаои эгаллайди. Аммо душманлар ҳар жиҳатдан кучли, Шичаои эса ёш, ғўр ва тажрибасиз эди. Уйғур ҳоқони ва Тан империясининг янги императори Дайцзун Лоянни эгаллайди ва Шичаоини қўлга тушириб, қатл этади. Шу зайл Ан Лушан тузган Ян империяси барҳам топади.
Ян империяси тугатилганидан бироз вақт ўтиб, Хитойнинг шимолий ўлкаларидаги туркий эллар, Хэбэй чегара вилояти халқи Ан Лушан ва Шисиминни мамлакатни ўз паноҳида сақловчи буюк фаришталар, деб илоҳийлаштирадилар. Уларга атаб қаҳрамонлик достонлари, мадҳиялар, марсия қўшиқлари ижод қилишади.
Эркин МУСУРМОНОВ,
СамДУ доценти.