Охирги янгиликлар

Оқ йўл, офицерлар! Долзарб / Жамият

Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг навбатдаги битирувчиларига диплом ва офицерлик унвонлари топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Марказий ҳарбий округ ва билим юрти раҳбарияти, вилоят ҳокимлиги вакиллари, битирувчилар ва уларнинг ота-оналари мамлакатимиз Қуролли Кучларида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида миллий армиямиз учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар. Ҳарбий таълим йўналишидаги академик лицейлар, сержантлар тайёрлаш мактаблари фаолиятининг йўлга қўйилиши, олий ҳарбий билим юртлари салоҳияти ошиб, моддий-техник базаси мустаҳкамлангани ана шу эътиборнинг самарасидир.
Қуролли Кучларимиз учун автомобиль бўлинмалари тактик қўмондонлиги, муҳандислик қўшинлари тактик қўмондонлиги, фронторти таъминоти тактик қўмондонлиги каби йўналишлар бўйича офицер кадрлар тайёрловчи мазкур билим юртида ҳам курсантларнинг замон талаблари даражасида билим олиши, касб кўникмаларини эгаллаши учун барча имконият ва шарт-шароитлар яратилган. Назарий ва амалий машқулотларни олиб боришга ихтисослашган махсус хоналар ва ахборот технологиялари, замонавий ҳарбий техника ва жиҳозлар, спорт заллар ва ахборот ресурс маркази ҳарбийликни танлаган ёшларнинг етук мутахассис бўлиб етишишига хизмат қилмоқда.
– Бугун мазкур билим юрти дипломини қўлга олиб, Қуролли Кучларимиз офицери сифатида иш фаолиятимизни бошлар эканмиз ҳарбий қасамёдимизга содиқ ҳолда Ватанимизга, халқимизга садоқат билан хизмат қилишни олий мақсад деб биламиз, – дейди лейтенант Меҳрож Расулов. – Бу мақсадимизга эришиш учун эгаллаган билим ва касб кўникмаларини фаолиятимизда қўллаб, миллий армиямиз куч-қудратини мустаҳкамлаш, юртимиз осойишталиги ва халқимиз хавфсизлигини таъминлашга албатта, ўз ҳиссамизни қўшамиз.
– Мен юртимиздаги энг бахтиёр оналардан бириман, – дейди бухоролик Махсума Усмонова. – Чунки бугун кенжа фарзандим Шукрулло Сафаров ҳарбий мутахассислик бўйича диплом олиб, мамлакатимиз Қуролли Кучларида хизмат фаолиятини бошлашга йўлланма олди. Энди у нафақат бизнинг, балки Ватанимизнинг ҳам муносиб ҳимоячиси, қалқони сифатида халқимизга хизмат қилади.
Тадбир якунида билим юрти курсантлари, ҳарбий оркестр ва самарқандлик санъаткорлар иштирокида бадиий дастур ҳамда ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

Ғ.ҲАСАНОВ