Охирги янгиликлар

Ургутда янги шифо масканлари Долзарб

Ургут туманида Инвестиция дастури асосида барпо этилган 100 ўринли туғруқ мажмуаси, 150 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника биноси фойдаланишга топширилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман ҳокимлиги, тиббиёт бирлашмаси ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт масканларини замонавий асбоб-ускуналар ва малакали мутахассислар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 
Иштирокчилар тиббиёт масканларининг янги бинолари, бу ерда беморларни тез, самарали ва сифатли даволаш учун яратилган шароит ва имкониятлар билан танишишди.
– Мазкур тиббиёт муассасаларида "Бунёдкор” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 4 миллиард сўмликдан ортиқ қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Хайрулло Қаюмов. – Мажмуа ва поликлиника 508 миллион сўмлик қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар билан таъминланди. "Саломатлик-3” лойиҳаси асосида замонавий ташхис ускуналари ўрнатилди.
Марказ фаолиятини янада яхшилаш мақсадида жорий йилда жарроҳлик, режали жарроҳлик, реанимация, гинекология, стерилизация ва қозонхонага қурилиш ва таъмирлаш ишлари учун 5 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, ҳозирги кунда бу борадаги ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда. 
Бахтиёр МУСТАНОВ.