Охирги янгиликлар

Марафондан тушган маблағ Долзарб

Хайр-саховат, имконияти чекланган инсонларга мурувват кўрсатиш халқимизга хос азалий  қадриятлардан. Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирлар бу фазилат кейинги йилларда янгича маъно-мазмун касб этганлигини кўрсатди.
Кеча Ҳамид Олимжон номидаги вилоят давлат мусиқа ва драма театри биносида хайрия марафони бўлиб ўтди. 
Унда вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Тадбирга таклиф этилган ногиронларга вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси томонидан 10 та ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси, ҳасса ва қўлтиқтаёқ ҳадя этилди. Шунингдек, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими томонидан дори-дармон ва иссиқ кийим-кечаклар совға қилинди.

– Ҳукуматимиз томонидан ногиронларга кўрсатилаётган ғамхўрликдан бошимиз осмонга етди, – дейди вилоят Ногиронлар жамияти раиси Дилмурод Пардаев. – Ушбу марафондан тушган маблағ ҳам кўнгли ўксик кишиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ҳимоялашга, шунингдек, уларнинг турмуш шароитини яхшилашга сарфланади. 
– Бахтсиз тасодиф туфайли ногирон бўлиб қолдим, – дейди Самарқанд тумани Юқори Қайнама маҳалласида яшовчи биринчи гуруҳ ногирони Нодиржон Пардаев. – Яхшиям, ёнимда ота-онам, яқинларим қатори ўзим истиқомат қилаётган маҳалла фаоллари бор экан, тушкунликка тушишимга йўл қўйишмади. Улар ҳар бир байрам ва сайилларда уйимизга келиб, ҳолимдан хабар олиб туришади. 
Шунингдек, тадбир иштирокчилари Самарқанд шаҳрининг   диққатга сазовор жойларини зиёрат қилишди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ш.Қулматов иштирок этди.
***
Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси юз-жағ жарроҳлик бўлими шифокорлари томонидан меҳрибонлик уйига озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда тагликлар тақдим қилинди.
Таъкидлаш лозимки, муассасада ота-она меҳридан маҳрум бўлган уч ёшгача бўлган ўғил-қизлар давлатимиз ғамхўрлигини ҳис қилиб улғаймоқда. Уларнинг саломатлиги, ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишлари доимий эътиборда.
– Бир қарашда арзимас воқелик, зиммамиздаги масъулиятдан келиб чиқиб уюштирилган тадбир замирида ўзига хос маъно мужассам, – дейди Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси юз-жағ жарроҳлик бўлими врачи Шуҳрат Хушвақтов. – Тадбир давомида нафақат совға тарқатдик, балки болаларнинг қизиқишлари, орзу-ўйлари билан яқиндан танишдик.
Дилмурод ТЎХТАЕВ,
Ёқуб МАРҚАЕВ.



Reklama huquqi asosida