Охирги янгиликлар

Кичик командирлар сертификат олди Долзарб

Самарқанд сержантлар тайёрлаш мактабида навбатдаги битирувчиларга сертификат ва сержантлик кўкрак нишонлари топширилиши муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Жанубий-ғарбий махсус округи қўшинлари қўмондони ўринбосари О.Камолов, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими вакили З.Зиёев ва бошқалар Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётганлиги, соҳа учун юқори малакали, профессионал кадрлар тайёрлашга қаратилаётган эътибор туфайли бугунги кунда миллий армиямиз сафларида замонавий ҳарбий билимлардан яхши хабардор, жисмоний ва маънавий-маърифий тайёргарлиги юқори кичик командирлар муваффақиятли хизмат ўтаётганлигини таъкидлади.

– Ҳарбий хизматни Ватаним, халқим олдидаги муқаддас бурч, шарафли вазифам, деб биламан, – дейди мактабни муваффақиятли тугатган Камолиддин Эргашев. – Сержантлар тайёрлаш мактабида ҳарбий билим ва малакамизни ошириш учун барча шароит яратилганлиги, тажрибали офицер ва сержантлардан сабоқ олганимиз эртанги фаолиятимизда муҳим аҳамият касб этади.
Бу ерда ўрганганларим асосида шарафли бурчимни бажариб, Ватаним учун сидқидилдан хизмат қиламан. 
Тадбирда битирувчи кичик командирларнинг ота-оналари, оила аъзолари ва яқин қариндошлари ҳам иштирок этди.
– Бугун қувончим чексиз, – дейди кичик сержант Феруз Мўминовнинг онаси Замира Омонова. – Ўғлим ҳарбийликни танлаганида хурсанд бўлгандим. Сержантлар мактабини тугатиб, кичик командир бўлганидан янада қувондим. Барча ҳарбий хизматчиларга бугунги тинч-осойишта ҳаётимиз учун раҳмат айтаман. 
Тантанали маросим якунида концерт дастури намойиш этилди.
F.АБДУСАМАТОВ,
А.ИСРОИЛОВ (фото).