Охирги янгиликлар

Кўчат экиш хайрли иш Долзарб

Юртимизнинг шаҳар ва қишлоқлари, кўча ва хиёбонларида баҳорги ободонлаштириш ишлари бошланиб кетди. Одамлар ҳовлиси, маҳалла ва ишхонаси ҳудудига эзгу ниятлар билан кўчат ўтқазишга киришди. Бугун ва эртага мамлакатимиз бўйлаб ўтказиладиган умумхалқ ҳашарида бу хайрли юмуш янада жадал тус олиши шубҳасиз.
Энг муҳими, шу кунларда ҳеч ким сифатли кўчат излаб овора бўлмайди, яъни вилоятимизда манзарали, мевали ва бутасимон дарахт кўчатлари етарли. 

– Ўрмон хўжалигимиз жамоаси жойларга экиш учун кафолатли дарахт кўчатларини етарли даражада етиштирди, – дейди вилоят давлат марказий ўрмон хўжалиги бош ўрмонбеги Fолиб Негматов. – Хусусан, тасарруфимиздаги барча туман ва шаҳар ўрмон хўжалиги бўлимлари, ишлаб чиқариш участкаларида бугунгача қирқ турдан зиёд 3 миллион 156 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, шунингдек, 633 минг туп кўчат қаламчалари тайёрлаб қўйилди. 
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил 5 октябрь куни жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида вилоятимизга ташриф буюрганида адирли ерларга ёнғоқ, бодом, унаби экиш бўйича соҳа ходимлари олдига аниқ вазифалар қўйганди. Шундан келиб чиқиб, 27 минг туп ярим пакана ва серҳосил ёнғоқ, 12 минг туп унаби ҳамда 2 минг туп лимон кўчатлари тайёрланди. 

Шу пайтгача туманлардаги ободонлаштириш идоралари, корхона, ташкилотлар билан шартномалар тузилиб, уларга қрим қарағайи, каштан, япон сафораси, лола, терак каби манзарали, олма, ўрик, гилос, шафтоли, олча сингари мевали дарахт кўчатлари етказиб берилди.
Вилоят давлат марказий ўрмон хўжалиги аҳоли ҳамда корхона-ташкилотлар ўзларига зарур кўчатларни харид қилишлари учун қулайлик яратииш мақсадида Катта Ўзбек тракти ёқалари, бозорлар, аҳоли гавжум масканларда мевали ва манзарали дарахтлар кўчати савдосини йўлга қўйган.
Акрам ҲАЙДАРОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).