Охирги янгиликлар

Бугунги ҳаракат – эртанги барака Долзарб

Иштихон туманида чигит экиш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
"Миробод" пахта қабул қилиш масканида ташкил этилган тадбирда Қишлоқ ва сув хўжалиги, Фавқулодда вазиятлар  вазирликлари ва бошқармалари мутасадди раҳбарлари, вилоят ва туман ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими мутахассислари, фермер хўжаликлари бошлиқлари ва соҳага алоқадор таъминот ҳамда хизмат кўрсатиш ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
 Семинарда вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Нурқулов ва бошқалар далани экишга тайёрлаш, тупроқ намлигини сақлаш, майдонни текислаш ва чигитни сифатли экиш юзасидан тавсиялар бериб, ушбу агротехник тадбирни уюшқоқлик билан ўтказиш лозимлигини таъкидлади. 
Бу йил вилоятимизда 85,5 минг  гектар майдонда чигит экиш режалаштирилган. Мазкур агротехник тадбирни тизимли ўтказиш бўйича 195 экиш отряди шакллантирилган, 1051 та техника жалб қилинади. 
– Туманимизда 9 минг 260 гектар майдонда чигит экамиз, – дейди Иштихон туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари Аҳад Каримов. – Бунинг учун 17 та гуруҳ ташкил этилган бўлиб, 135 та сеялка жалб қилинган. Чигит экишни уюшқоқлик билан олиб бориш ва қисқа фурсатда якунлаш учун 16 та ёқилғи-мойлаш, 21 та кимёвий ва маҳаллий ўғит етказиб берувчи шохобчалар ташкил этилди. 
Семинар иштирокчилари тумандаги "Мустақиллик 10 йиллиги" фермер хўжалиги даласида экиш жараёнини кўздан кечирдилар.

Бахтиёр МУСТАНОВ.