Охирги янгиликлар

Қадр муқаддас, жасорат ўлмас Долзарб

Хотира ва қадрлаш куни вилоятимизда кенг нишонланмоқда
Иккинчи жаҳон уруши бошланганида юртимизда 6,5 миллион халқ яшаган бўлса, шундан 1,5 миллиондан ортиғи урушда қатнашган. Бу урушга биргина вилоятимиздан 160 минг нафардан зиёд аскар сафарбар этилиб, уларнинг 46 874 нафари ўзга ўлкаларда ҳалок бўлди ёки бедарак йўқолди.

Бугун жойларда ана шундай букилмас ирода ва жасоратини амалда кўрсатиб, жонини Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиш, эзгу ишларини давом эттириш, кексаларни эъзозлаш мақсадида халқимиз ўзининг бағрикенглик, олижаноблик фазилатларини намоён этмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 4 апрелдаги "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ҳамда "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, шаҳар ва туманларда тадбир ўтадиган масканлар тозалиги, ободончилигига алоҳида аҳамият қаратилди. Вилоятда мавжуд қабристонларга манзарали дарахт ҳамда гул кўчатлари ўтқазилди, ариқ-зовурлар тозаланди. 132 нафар уруш қатнашчилари, 6514 нафар фронторти меҳнат фахрийлари пул мукофотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар билан таъминланди. Уруш қатнашчиларининг барчасига юртимизда ишлаб чиқарилган автомашиналарни навбатсиз харид қилиш учун сертификатлар топширилди. Шу кунгача уруш фахрийларининг 60 нафари автомашина соҳиби бўлган бўлса, 6 нафарининг уйи таъмирланди. Тадбирлар давомида мустақиллик йиллари хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига ҳам совға-саломлар улашилди.

6 май куни эрта тонгдан вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида истиқомат қилувчи уруш ва меҳнат фахрийлари меҳр-мурувват, жасорат, бурч ва матонат байрамининг асосий тадбирларини нишонлаш учун Самарқанд шаҳридаги Хотира майдонига ташриф буюриб, Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйдилар. Маросимда вилоят жамоатчилиги, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари вакиллари ҳамда "камолот"чилар миллат онаси рамзи пойига гулчамбарлар қўйишди. Бу ерда йиғилганлар майдондаги "Хотира китоби"ни варақлаб, ўтганлар хотирасини ёд этдилар.

– Бугунги тинч ва осойишта кунларимиз учун жанг қилган боболаримизнинг жасорати, мардлиги биз, ёшлар учун ҳамиша ибрат намунаси бўлиши лозим, – дейди Самарқанд қишлоқ хўжалик институти талабаси Раҳимжон Норжигитов. – Тадбирлар давомида уруш ва меҳнат фахрийлари билан суҳбатлашиш жараёнида улар сўзлаб берган даҳшатли жанг воқеалари, урушдан кейинги давр қийинчиликлари хусусида муҳим маълумотларга эга бўлдик. Жасур боболаримиздек фидойи фарзанд бўлишга, мустақиллигимизни, тинчлигимизни асраб-авайлашга ваъда бердик.

– Айни йигитлик даврим уруш йилларига тўғри келиб, қақшатқич жангларда қатнашдим, – дейди иштихонлик 94 ёшли уруш фахрийси Дамин Эрназаров. – Ўйлаб қарасам, умримнинг энг мазмунли даври истиқлол йилларига тўғри келибди. Ҳозирда 9 фарзанд, 50 дан зиёд невара-чеваралар қуршовида шукур қилиб яшаяпман. Туман жамоатчилиги, маҳалладошлар ҳолимдан хабар олиб туришади. Ёшлар билан суҳбатлашиб, қувватга тўламан. Яқинда Президентимиз номидан пул мукофоти, бир қанча совғалар олдим. Энди набираларимга "Дамас" автомашинаси олиб бермоқчиман. Биз каби кексаларга эҳтиром кўрсатган инсонлар улуғ ёшларга кириб, доимо элимиз ардоғида бўлсин. Юртимиздаги тинчлик-осойишталикка кўз тегмасин.

Шаҳарнинг сўлим "Зилол-бахт" базмгоҳида фахрийлар учун тўкин дастурхон ташкил этилиб, уларга Президентимиз номидан совғалар тарқатилди. Дастурхон атрофидаги суҳбатларда оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айлангани эътироф этилди.
Тадбирларда вилоят ҳокими Ҳ.Оқбўтаев иштирок этди.
Абдуғофур ШЕРХОЛОВ,
Тоҳир НОРҚУЛОВ (фото).