Охирги янгиликлар

Бебаҳо маданий меросимиз анъаналари Долзарб / Маданият

"Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл" мавзуидаги халқаро илмий-маданий конгресс 16 май куни Самарқандда давом этди.
Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан "Тараққиёт стратегияси" маркази, Ўзбекистон Фанлар академияси, Бадиий академия, ЮНЕСКО ҳамда Германиянинг Конрад Аденауэр номидаги жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда юртимиз ва чет эллик олимлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, соҳа мутахассислари ва экспертлар дастлаб Мирзо Улуғбек мадрасаси ҳовлисида "Шарқона гилам бозори – мустақил Ўзбекистон гиламчилигининг энг яхши намуналари" кўргазмаси ҳамда ушбу лойиҳа доирасидаги китоблар тақдимотида иштирок этди.

Тадбир қатнашчилари Ўзбекистон ўзининг бой маданий мероси, маънавий қадриятлари, фан ва таълим соҳасидаги улкан ютуқлари билан инсоният тамаддунига беқиёс ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлаб, мустақиллик йилларида ушбу маданий меросни асраб-авайлаш, миллий анъана ва қадриятларни давом эттириш учун давлатимиз томонидан кенг имкониятлар яратилганини қайд этди. 
Меҳмонлар Самарқанд гиламчилик ва каштадўзлик маҳсулотлари намуналарини кўздан кечирди, ота-боболаридан мерос касбни давом эттираётган ҳунармандлар, тадбиркорлар билан мулоқотда бўлди. Бетакрор санъат асари даражасига кўтарилаётган Самарқанд ипак гиламлари, кашталарини ҳайрат билан томоша қилиб, уларнинг тайёрланиш жараёнини кузатди.

– Дунёнинг энг йирик ва машҳур музейларида Ўзбекистоннинг ўтмиши, миллий анъана ва қадриятлари билан боғлиқ ноёб тарихий экспонатлар, китоб ва қўлёзмалар кўп, – дейди "Ўзбекистон маданий мероси" лойиҳасининг халқаро координатори, россиялик Андрей Зибкин. – Лойиҳани амалга ошириш жараёнида бунга яна бир бор гувоҳ бўлдик. Анжуман доирасида кўрган ва эшитганларимиздан хулоса қилиб айтиш мумкинки, бугун тайёрланаётган тасвирий ва халқ амалий санъати намуналари, миллий ҳунармандлик буюмлари, ўрганилаётган илмий манбалар ҳам бу замин тарихи ва маданияти инсониятнинг бебаҳо бойлиги сифатида юксак қадрланади. Самарқанднинг ҳар бир обидаси, бу ерда намойиш этилаётган ноёб тарихий ашёлар ҳайрат ва ҳавасимизни оширмоқда.

Мирзо Улуғбек мадрасасида ўтказилган Ўзбекистон санъатининг ўзига хослиги ва тарихий-маданий аҳамиятига бағишланган анжуманда хорижий ва маҳаллий олимлар, халқаро экспертлар ўзбек халқ амалий санъати анъаналари, Шарқ ва Fарб ўртасида маданий алоқаларни йўлга қўйишда Буюк ипак йўлининг ўрни, Мовароуннаҳр китобат санъати бўйича маъруза ва тақдимотлари билан иштирок этди. "Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида" лойиҳаси доирасида чоп этилган китоб-альбомларни нашрга тайёрлаш жараёни ҳақида сўз юритилди. 
– Ўзбекистон заминида дунё цивилизациясига улкан ҳисса қўшган кўплаб алломалар камолга етгани ҳақида эшитган бўлсам-да, мазкур конгрессда қатнашиб, яна ҳам кўп маълумотлар олдим, – дейди Британия музейи ходими, доктор Ладан Акбарния. – Буюк астроном Мирзо Улуғбек бунёд этган мадрасада маъруза тинглаш, ҳамкасбларим билан фикр алмашиш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман. Бу ҳаётимдаги энг ҳаяжонли, унутилмас лаҳзалар бўлиб қолади.

Анжуман қатнашчилари "Конигил мерос" корхонасида дунёга машҳур Самарқанд ипак қоғозини қадимий анъаналар асосида тайёрлаш жараёни билан танишди. Самарқандлик хаттот ва миниатюрачи рассомлар кўргазмасини томоша қилди.
Амир Темурнинг боғдорчилик анъаналари асосида яратилган "Боғишамол" боғида ташкил этилган маданий дастур ва миллий мусиқа кечаси, "Ўзбекистон мусиқий мероси" китоб-альбоми тақдимоти ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Халқаро анжуман тадбирлари Самарқанднинг юлдузларга тўла оқшомида муаззам Регистон майдонида намойиш этилган "Ўзбекистон маданий мероси – умумбашарият хазинаси" номли мусиқий томоша билан якунланди.
F.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (фото).