Охирги янгиликлар

Барқарор жамиятга муносиб кўзгу Долзарб

Вилоятимиз матбуотчилари ва ОАВ ходимлари шундай эзгу мақсадни кўзлаб меҳнат қилишмоқда

Бугун мамлакатимизда матбуот ва оммавий ахборот воситаларида меҳнат қилаётган журналистларнинг ҳуқуқий мақоми, касбий фаолиятига доир қатор қонунлар қабул қилинганки, улар оммавий ахборот воситалари ходимларини эркин фикрлашга, сўз эркинлиги ҳуқуқидан самарали фойдаланишга ундамоқда. Қолаверса, бу эркинлик журналистни ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқлари билан таъминлабгина қолмасдан, халқимизнинг сиёсий саводхонлигини оширишга хизмат қилаётир.
Бугун вилоятимизда фаолият олиб бораётган олтмишга яқин газета, журнал, теле ва радио каналлар, нашриётлар, босмахоналар, интернет нашрларида 500 дан ортиқ ижодий ва техник ходимлар меҳнат қилмоқда.

Вилоятнинг 16 шаҳар ва туман ҳокимликлари муассислигида чоп этилаётган газеталарининг барчаси А-2 ҳажмда, ўртача 6-7 минг нусхада чоп этиляпти. Кейинги йилларда таҳририятлар моддий техник базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламда ишлар олиб бориляпти. Жумладан, жорий йилда Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги муассислигидаги "Каттақўрғон тонги" газетаси ўз биносига эга бўлди, Самарқанд туманининг "Гулобод тонги" газетаси таҳририяти ходимлари ҳам янги бинога кўчиб ўтди. "Пайариқ ҳаёти" газетаси ва Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг "Самарқанд" газетаси таҳририятлари биноси таъмирланмоқда.

Шаҳар ва туман газеталарининг даврийлиги кўпайди. Барча газета ва журналларнинг веб-сайтлари жорий этилди. 
Оммавий ахборот воситалари ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ўртасида яқин ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани давлат органлари муассислигида нашр қилинаётган газеталар, радио ва телевидение нуфузини оширишга, журналистлар ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Бу ҳамкорлик самарасида вилоят Матбуот уйида давлат бошқарув органлари, жамоат ташкилотлари мутасаддилари ҳамда журналистлар иштирокида семинарлар, матбуот анжуманлари, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Таҳририятлар, уларда фаолият олиб бораётган журналистлар мамлакат миқёсида ўтказилаётган танловлар ва лойиҳаларда муносиб иштирок этяпти. Жумладан, 2016 йилда "Оқдарё овози" газетаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ўтказилган грант танловида "Жамоатчи мухбирлар мактабини ташкил этиш" йўналишида 25 миллион сўмлик грантни қўлга киритди. 
Аммо тан олиш лозимки, газеталар саҳифаларида берилаётган материаллар имловий хатолардан холи эмас. Баъзи нашрларимизда таҳлилий-танқидий мақолалар деярли берилмаяпти. Таҳририятларда журналист кадрларга эҳтиёж сезилмоқда. Табиийки, бу каби етишмовчиликлар ОАВнинг мазмун-мундарижаси, сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Вилоят "Зарафшон" газетаси таҳририяти қошида 11 йилдан буён фаолият юритиб келаётган "Журналистик маҳорат маркази" бу каби камчиликларнинг қисман ўрнини тўлдириб келаётганини таъкидлаш лозим. Марказ ОАВда меҳнат қилаётган ёш ходимлар, ўқувчи ва талабаларнинг соҳага оид билим ва кўникмаларини оширишга, уларга ҳам амалий, ҳам назарий билимлар беришга ҳаракат қилмоқда.
Вилоят телерадиокомпаниясининг телевидение гуруҳи ва радиосида ишлаётган ходимлар ва уларнинг самарали фаолияти ҳақида ҳам илиқ фикрлар айтиш мумкин.

Жумладан, 2016 йилдан буён компаниянинг эфир вақти 18 соатга узайтирилди. Радио эшиттиришлар жорий йилда рақамли тизимга ўтказилди. 2014 йилда муассасада 5 та видеокамера бўлган бўлса, бугунга келиб, уларнинг сони 11 тага етказилди ва замонавий форматда тасвирга олиш имконияти яратилди.

Вилоятимиздаги нодавлат оммавий ахборот воситалари орасида ўз ўрнига эга бўлган "СТВ телеканали" масъулияти чекланган жамиятининг кўрсатувлари ҳам барча томошабинлар қизиқишини оширмоқда. 2015 йилда 5 видеокамерага эга бўлган жамият ҳозирда 10 та шундай ускуна билан фаолият олиб бормоқда. Телеканал айни пайтда аналог тизимида фаолият кўрсатиб, вилоятимизнинг Самарқанд шаҳри ҳамда унга яқин туманлари аҳолисига хизмат кўрсатаётир. Келгусида телеканал ўз кўрсатувларини рақамли тизимга ўтказишни режалаштирган. Айни пайтда телеканалнинг асосий тасвирга олиш студияси мавжуд бўлиб, унда 10 га яқин йирик ҳажмдаги мониторлар ўрнатилган. Информацион дастурлар уч тилда эфирга узатилади. Телеканал қошида жорий йилдан бошлаб FМ 104,5 радиостанцияси фаолият кўрсата бошлади.
Мамлакатимиз марказий нашрларининг махсус мухбирлари, тармоқ ва хусусий нашрлар, интернет сайтлари мухбирлари ҳам уюшмамиз билан яқин ҳамкорликда иш юритиши қувонарли, албатта. Улар вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, бунёдкорлик ва турли соҳалардаги ўзгариш ва янгиликларни кенг ёритмоқда.

Бир сўз билан айтганда, айни кунда ОАВ аҳолига тезкор ахборот етказиш, уларнинг тафаккур доирасини, дунёқараши ва маънавиятини юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли. Зеро, ҳаётимизнинг бирор соҳасини оммавий ахборот воситалари, уларда меҳнат қилаётган журналистларнинг фаолиятисиз тасаввур этиш қийин.
Вилоятимизнинг барча журналистлари, таҳририятлар ходимларини касб байрами билан қутлаб, уларга мустаҳкам соғлиқ, омонлик тилаймиз!

Ҳусан ЭЛТОЕВ,
Ўзбекистон
Журналистлари ижодий 
уюшмаси вилоят бўлими масъул котиби.


Исм:*
E-Mail:
Изох:
Кодни киритинг: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив