Охирги янгиликлар

Журналистларга эҳтиром кўрсатилди Долзарб

Вилоятда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни кенг нишонланди

Вилоят ҳокимлигида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан қабул маросими ўтказилди. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Туробжон Жўраев соҳа вакилларини касб байрами билан табриклаб, мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари ходимларига кўрсатилаётган эътибор, кенг кўламдаги ислоҳотларни рўёбга чиқаришда журналистларнинг роли хусусида сўз юритди.
Вилоятда изчил амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар моҳиятини, шунингдек, Халқ қабулхоналаридаги ишларни таҳлил этиб, халққа мунтазам равишда етказиб боришда ҳокимлик органларига амалий кўмак бермоқлари муҳимлигини қайд этди.
– Жорий йилда олдимизда жуда улкан ишлар турибди, – деди Т.Жўраев. – Муҳтарам Юртбошимиз топшириқларига кўра, йил охирига қадар қиймати 7 триллион 700 миллиард сўмлик 2232 та лойиҳани рўёбга чиқариш лозим. Ободончилик, йўл қурилишида ҳам катта ишлар бошланди. Бундай вазифаларни бажаришда оммавий ахборот воситалари ходимлари бизга катта ёрдам беради, деган умиддаман.
Шундан сўнг Т.Жўраев бир гуруҳ журналист ва матбаачиларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғаларини топширди, "Энг фаол журналист" танлови ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

Журналистларга эҳтиром кўрсатилди

Бу йил вилоят "Самаркандский вестник" газетаси биринчи сони чиққанлигига юз йил тўлди. Шу муносабат билан газета таҳририятига вилоят ҳокимлигининг табриги ва компьютер жамланмаси совға қилинди.

Байрам муносабати билан тўққиз нафар самарқандлик журналист Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланганди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ф.Тошев ушбу мукофотларни ўз эгаларига топширди.

Тадбир якунида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Т.Жўраев ҳамманинг дилидан жой оладиган гапни айтди: "Қалам аҳли учун вилоят ҳокимлиги эшиги ҳам, қалбим ҳам ҳамиша очиқ".
Шу куни тадбир иштирокчилари Самарқанд туманига ташриф буюриб, "Гулобод тонги" газетасининг илк сони чоп этилганлигига 60 йил тўлиши муносабати билан байрам тантаналарида иштирок этдилар. Таҳририятнинг янги бинога кўчиб ўтиши, ходимлар учун замонавий шарт-шароит яратилганлигининг гувоҳи бўлишди.

Самарқанд шаҳридаги "Самарқанд" ресторанида журналистлар шарафига байрам дастурхони ёзилди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Азамат Умаров, Самарқанд шаҳар ҳокими Воҳид Раҳимов ва бошқалар журналистларни касб байрами билан қутлади.
Адҳам ҲАЙИТОВ,
Бахтиёр РУСТАМОВ (фото).
"Йилнинг энг фаол журналисти" вилоят танлови ғолиблари
аниқланди
Ўзбекистон Журналистлари ижодий ушмаси вилоят бўлими бошқарув ҳайъатининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан "Йилнинг энг фаол журналисти" вилоят танлови якунлари кўриб чиқилди.
Унга кўра, қуйидагилар танлов ғолиблари деб топилди:
 
Матбуот йўналишида
Ўктам Худойбердиев – вилоят "Зарафшон" газетаси мухбири.
Мамлакатимиз, хусусан, вилоятимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда аҳоли онгу тафаккури, турмуш тарзидаги ўзгаришлар акс этган таҳлилий мақолалари учун
Замира Балтаева – вилоят "Самаркандский вестник" газетаси мухбири.
Давлат ва ҳудудий дастурлар ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар, ёшлар ҳамда оилалар ҳаётига оид таҳлилий-танқидий мақолалари учун
Муқаддам Ҳайитова – Иштихон тумани "Иштихон овози" газетаси масъул котиби.
Ҳудуддаги ўзгаришлар, амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, жамият ҳаётида рўй бераётган воқеа-ҳодисалар акс этган таҳлилий мақолалари учун
Шерзод Исоқулов – Жомбой тумани "Жомбой тонги" газетаси мухбири.
Ҳудудда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, маҳалла ободлиги  акс этган таҳлилий-танқидий  мақолалари учун
Телевидение йўналишида
Абсамат Ибрагимов – вилоят  телерадиокомпанияси телевидение гуруҳи биринчи тоифали муҳаррири.
Давлат дастури ижроси, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий-маърифий мавзулардаги кўрсатувлари учун
Фарҳод Норбўтаев – СТВ телеканали мухбири.
Маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий ҳамда бошқа долзарб мавзулардаги таҳлилий-танқидий кўрсатувлари учун
Радио йўналишида
Зебинисо Тоғаева – вилоят телерадиокомпанияси радио гуруҳи биринчи тоифали муҳаррири.
Жамиятда хотин-қизларнинг ўрни ва роли, сиёсий ва ҳуқуқий фаоллигини ошириш, фахрийлар ҳаёти акс этган радиоэшиттиришлари учун
Фотожурналистика йўналишида
Жаббор Набиев – Ургут тумани "Ургут садоси" газетаси фотомухбири.
Вилоятда олиб борилаётган ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари, давлат ва ҳудудий дастурлар ижроси  акс этган фото материаллари учун.