Охирги янгиликлар

Офицер бўлиш ниятида Долзарб

5 июль куни юртимиздаги барча олий ҳарбий билим юртларида бўлгани каби Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ҳам абитуриентлар давлат тест синовларини топширди.
Мазкур билим юртида айни пайтда автомобиль бўлинмалари тактик қўмондонлиги, артиллерия қўшинлари тактик қўмондонлиги, фронт орти таъминоти тактик қўмондонлиги сингари олти йўналиш бўйича Қуролли Кучларимиз учун юқори малакали профессионал кадрлар тайёрланмоқда. Бу йил 3800 нафарга яқин ёшлар Самарқанд олий ҳарбий билим юртида ўқиш истагини билдирган эди. Улар орасидан бир неча босқичли синовлардан муваффақиятли ўтган 1200 нафардан ортиқ номзодлар якуний тест синовларига кирди.

– Билим юртимизда ўқишга киришга номзодлар амалдаги тартибга мувофиқ ҳарбий-профессионал йўналиш, дастлабки танлаш, ҳарбий-профессионал танлаш ва тест синовлари асосида комплекс равишда босқичма-босқич сараланиб, қабул қилинмоқда, – дейди билим юрти қабул комиссияси аъзоси, подполковник Улуғбек Рўзимов. – Бу йил ҳам ушбу жараёнлар тегишли қонун ва низомлар асосида амалга оширилиб, дастлабки босқичларда сараланган абитуриентлар уч фан – физика, математика, она тили ва адабиёт бўйича тест синови топширди. Синовлар ўтказилган барча аудиторияларда кузатув камералари ўрнатилди. Абитуриентларнинг билим юртига келиб кетиши, тураржой ва озиқ-овқат таъминоти давлатимиз томонидан амалга оширилди. Энг муҳими, бу йил билим юртига қабул квотаси аввалги йилларга нисбатан оширилди. Бу ҳам тингловчиликка номзодлар учун катта имконият бўлди. 

Тест синовларида Давлат тест маркази масъул ходимлари, шунингдек, аудитория раҳбари ва кузатувчиси сифатида вилоятимиздаги таълим муассасалари ўқитувчилари иштирок этди.
– Ҳарбий юридик йўналишдаги Урганч ҳарбий лицейини битириб, болаликдан орзуим – офицер бўлиш ниятида ушбу билим юртига ҳужжат топширдим, – дейди абитуриент Мурод Файзихонов. – Лицейда олган билимларим туфайли дастлабки синовлардан муваффақиятли ўтиб, бугун тест синовлари топширдим. Келгусида ҳарбий бўлиб, Ватанимга хизмат қилишни ўзим учун юксак шараф деб биламан.
Тест синови натижалари яқин кунларда эълон қилинади.
Алишер ИСРОИЛОВ.


Исм:*
E-Mail:
Изох:
Кодни киритинг: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив