Охирги янгиликлар

Ҳар гўшада бунёдкорлик Долзарб

Табаррук манзил
Бугун бу табаррук манзил одамлар зиёрат қиладиган муборак қадамжога айланмоқда. Гап Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр масжиди билан уйғунлашган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мангу қўним топган мақбара қурилиши ҳақида бормоқда.
Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда ёдгорлик мажмуаси барпо этилмоқда.

Лойиҳага кўра, мақбара мармар, гранит ва нақшлар билан безатилади, пештоқларига Қуръон оятлари билан бирга Ислом Каримовнинг ҳикматли сўзлари ҳам битилади. Зиёратгоҳда кенг қамровли қурилиш ва таъмирлаш ишлари давом этаётганлиги боис мажмуани ягона архитектуравий ансамблга айлантириш чоралари кўрилмоқда. Ҳазрати Хизр мажмуаси атрофидаги айвонларга уйғун тарзда янги айвонлар қурилмоқда. 
Йилнинг тўрт фаслида ҳам зиёратга келганларга қулай бўлиши учун намоз ўқиш жойлари, таҳоратхона, дам оладиган сўрилар барпо этилмоқда. Атрофдаги йўлаклар таъмирланиб, автомобиллар тўхташ жойи яратилмоқда. Йўлнинг иккала томонидан қабристон деворлари қайта қурилиб, ободонлаштирилмоқда.

Ҳар гўшада бунёдкорлик

Мажмуанинг ягона ансамбль тарзида ҳамоҳанглигини таъминлаш мақсадида зиёратга чиқиш ва тушиш йўлакларини пасайтиришнинг архитектуравий ечими топилмоқда. Унинг атрофи миллий мармар панжаралар билан ўралмоқда. Қарияларнинг чиқиб тушиши учун лифтдан фойдаланиш режалаштирилган.

Айни пайтда қурилиш-монтаж ишлари қизғин давом эттирилмоқда. Бунёдкорлик ишлари бош пудратчи – "Трест-12" акциядорлик жамияти ҳамда буюртмачи – вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси ўртасида имзоланган шартномага асосан олиб борилаётир. 
– Халқимизнинг Биринчи Президент Ислом Каримовга бўлган чексиз меҳр-муҳаббатини ҳар куни зиёратчилар оқимидан яққол ҳис этиб турибмиз, – дейди 65-қурилиш ташкилоти раҳбари Комил Холов. – Бу эса бизга ғурур ва кўтаринкилик бағишламоқда. Насиб этса, мажмуа қурилишини белгиланган муддатда тугаллаймиз. Самарқандда яна бир муқаддас зиёратгоҳни барпо этишда иштирок этаётганимиздан бахтиёрмиз.
"ЙЎлбарслар хиёбони"
чирой очади
Самарқанд шаҳри юраги бўлмиш Регистон мажмуаси ёнидаги "Йўлбарслар хиёбони"да Ислом Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкал ўрнатилади. Шу муносабат билан бу ерда қурилиш-бунёдкорлик ишлари қизғин олиб борилмоқда.
– Қарийб уч гектар майдонни ўз ичига олган хиёбон яқин кунларда шаҳримизнинг энг кўркам майдонига айланади, – дейди "Трест-12" акциядорлик жамияти бош устаси Улуғбек Болтаев. – Ҳозир бу ерда ишчи-хизматчилар меҳнат қилмоқда. 
Биринчи Президент сиймоси акс эттирилган ҳайкал ўрнатиладиган супа ва унинг атрофида тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Майдон атрофи 243 метр узунликдаги девор билан ўралди.
Мавжуд иккита фаввора таъмирланмоқда. Икки гектар жойда яшил майдон, беш минг квадрат метр йўлакчалар, автомобиллар тўхташ жойи барпо этилмоқда. Очиқ ерларга сопол плиталар терилаётир. Хиёбон атрофига шаҳарсозлик талабларидан келиб чиққан ҳолда турли манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилади.

Ҳар гўшада бунёдкорлик

"Йўлбарслар хиёбони"даги ҳайкал ва мажмуа Самарқандга ташриф буюрадиган сайёҳлар ва диёримиз аҳлининг ҳам зиёрат, ҳам ҳордиқ чиқарадиган ажойиб гўшасига айланишига, Ислом Каримовнинг юртидан, халқидан ризолик аломати балқиб турган нурли сиймоси бўй кўрсатишига оз муддат қолмоқда. Дунёга маълум ва машҳур Регистон мажмуаси билан уйғунлашиб кетадиган "Йўлбарслар хиёбони"даги иккита йўлбарс ҳайкали Руҳобод майдонига кўчирилади.

Тирбандлик камаяди
Самарқанд шаҳри кўчаларида автотранспорт воситалари тирбандлигини камайтириш мақсадида бунёд этилаётган Г-34 кўчасининг, яъни Хўжа Аҳрори Вали кўчаси билан Садриддин Айний кўчасини бирлаштирувчи 3-босқичи қурилиши бошлаб юборилди. 
892 метрни ташкил этувчи йўлнинг кенглиги 34 метр бўлиб, 6 қатор қатнов амалга оширилади. Ҳозир йўлга тўсиқ бўлиб турган бинолар олиниб, атрофини кенгайтириш ишлари бажарилмоқда.

Бош пудратчи – "NEWTESH Samarkand" масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Жалолиддин Яхшибоевнинг изоҳ беришича, ҳозир бу ерда 30 га яқин қурувчи, 15 та техника воситаси ишламоқда. Пиёдалар йўлаклари, суғориш иншоотлари, йўл ўртасида тўсиқлар барпо этилмоқда. Тупроқ ишлари бажарилгач, бекатлар, тунги ёритиш чироқлари, суғориш учун насос станцияси қурилиб ўрнатилади.
Президентимизнинг Самарқандга ташрифи давомида мазкур кўча қурилишининг 3-босқичи давом эттирилиши инобатга олиниб, бузиладиган тураржой бинолари эгаларини уй-жой билан таъминлаш кўзда тутилганди. Жумладан, Намозгоҳ маҳалласи ҳудудидан 1 та 7 қаватли 63 хонадонли арзон уй-жой қуриш учун буюртмачи "Ўзшаҳарқурилиш инвест" ИКга белгиланган тартибда ер майдони ажратиш топширилган эди.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан бизга тақдим этилган маълумотномада қуйидагилар баён қилинади:
«Ўтган даврда Намозгоҳ маҳалласи ҳудудидан 1 та 7 қаватли 63 хонадонли арзон уй-жой қуриш учун шаҳар ҳокимининг 2017 йил 4 майдаги қарори билан 2000 квадрат метр ер майдони ажратиб берилган. Кўчани ўз вақтида сифатли битказиш учун кўндаланг бўладиган барча масалалар босқичма-босқич ҳал этилмоқда.
Мазкур кўча ишга тушгач, Чўпонота билан Университет хиёбонини ўзаро боғловчи халқа йўл вужудга келади ва транспорт тиғизлигини бирмунча камайтириш имкони туғилади».
Вокзал билан бозор
бир қадам
Самарқанд шаҳрида трамвай йўли қурилишининг 1-босқичи Темир йўл вокзалидан Сартепа масканигача бўлган йўналиш фойдаланишга топширилганидан хабарингиз бор, албатта. Қурилишнинг Темир йўл вокзали ҳудудидан Сиёб деҳқон бозоригача бўлган 2-босқич йўналиши қурилиши ҳам жорий йилда ниҳоясига етказилиши белгиланган.
Ҳозир ана шу йўналишда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Умумий узунлиги беш километрдан зиёд бўлган ушбу йўлни "Ўзбекистон темирйўллари" акциядорлик жамиятига қарашли 203-тажриба машина темир йўл станцияси корхонаси бунёдкорлари амалга оширмоқда. Айни пайтда йўналишнинг 3700 метр жойига икки томонлама қатнов учун темир излар ётқизилди. Трамвайнинг бир маромда қатновини йўлга қўйишга имкон берувчи бошқа коммуникациялар қурилмоқда.
– Ишчи-хизматчилар, мутахассисларимиз ишнинг мураккаблигини ҳис этиб, меҳнат қилмоқда, – дейди қурилиш корхонаси йўл хўжалиги бошқармаси муҳандиси Собир Ҳусанов. – Мураккаблиги шундаки, бундан 40-50 йил олдин барпо этилган йўлости ҳамда атрофидаги эскириб кетган коммуникацияларни алмаштириш, тартибга келтириш анча мушкуллик туғдирмоқда. Шунга қарамай, йўлсозларимиз барча ишларни соҳа ходимлари билан бирга босқичма-босқич олиб боришяпти.
Мақсуд Жўраев, Намоз Раззоқов, Шуҳрат Ниёзов, Мақсуд Тўлаев каби ишчи-хизматчиларимиз бу борада ғайрат-шижоат кўрсатишяпти.
Мазкур йўналиш бўйича трамвай қатнови Мустақиллик байрамига қадар йўлга қўйилади.
Адҳам ҲАЙИТОВ,
Б.РУСТАМОВ (фото).