Охирги янгиликлар

Қалбларда истиқлол шукуҳи Долзарб

Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш доирасида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан шаҳар ва туманларда "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида ташкил этилаётган маданий ва маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари бошланди.

Самарқанд шаҳридаги "Ёшлик" истироҳат боғида ўтказилган шундай тадбирга шаҳардаги нуронийлар, фаол ёшлар, махсус ҳисобдан чиқарилаётган 14 нафар фуқаро ва уларнинг оила аъзолари таклиф этилди.

Унда шаҳар ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари, нуронийлар, имом-хатиблар ва бошқалар мустақилликнинг мазмун-моҳияти, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, олиб борилаётган улкан ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.

Тадбир доирасида Самарқанд шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази томонидан меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда шаҳардаги 84 та корхона-ташкилот, муассаса ва йирик саноат корхоналари 893 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. Ярмарка давомида 19 та меҳнат шартномаси имзоланди.

Қалбларда истиқлол шукуҳи

– Бу каби лойиҳалар ёшларимизда ватанпарварлик ҳиссини янада оширишга хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Рустам Қобилов. – Айниқса, кечаги ва бугунги куннинг гувоҳи бўлган нуроний отахону онахонларнинг ўгитлари, маслаҳатлари ёшларни ҳозирги фаровон кунларнинг қадрига етишга ундайди.

Тижорат банклари томонидан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ҳамда турли имтиёзли микрокредитлар олиш бўйича ташкил этилган семинар-тренинг иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Иштирокчилар тадбиркорлик фаолиятини бошлаш юзасидан зарур маълумотларга эга бўлишди.

Шунингдек, тадбир давомида "Соғлом танда – соғлом ақл" шиори остида спортнинг еттита тури бўйича мусобақа ва кўргазмали намойишлар ташкил этилди. Мусобақа ғолиблари ва бир гуруҳ фаол ёшлар "Энг яхши спортчи", "Энг фаол йигит", "Энг фаол қиз", "Энг яхши тарғиботчи" каби йўналишлар бўйича фахрий ёрлиқ ва совғалар билан тақдирланди.

Маънавий-маданий тадбир сўнгида вилоятимизнинг таниқли санъаткорлари томонидан намойиш этилган концерт дастурида Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,

Б.МУСТАНОВ (фото).



Reklama huquqi asosida