Охирги янгиликлар

Иштирокчилар сараланди Долзарб

Самарқанд шаҳрида "Шарқ тароналари" XI халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик ишларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Фестиваль матбуот хизмати раҳбари С.Остонов, фестиваль ижрочи директори Т.Холиқов, республика "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси раиси И.Латипов, вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Умаров, Самарқанд шаҳар ҳокими В.Раҳимов Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1997 йилда ташкил этилиб, ҳар икки йилда Самарқандда ўтказилиб келинаётган "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивали бугунга келиб, дунё миқёсидаги энг нуфузли анжуманга айланганини эътироф этдилар. Халқлар ўртасидаги дўстлик ва тинчликни мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига нисбатан очиқлиги, бағрикенглигини намоён этиш, бой тарихимиз, бетакрор маданиятимизни тарғиб қилишни мақсад қилган бу галги фестивалга ҳар қачонгидан қизғин ҳозирлик кўрилаётгани хусусида маълумотлар берилди.

Иштирокчилар сараланди

Таъкидландики, қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри йирик қўшалоқ байрамга ҳамоҳанг – ўзгача гўзаллик ва тароват касб этяпти. Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги ва "Шарқ тароналари" XI халқаро мусиқа фестивали доирасидаги тайёргарликлар шаҳарга янада файз бағишлаётир. Озода, кенг кўчалар, сўлим боғ ва хиёбонлар байрамона безатилмоқда, замонавий тунги ёритиш ускуналари билан таъминланмоқда. Айни пайтда шаҳар кўчаларига Россиядан келтирилган 1,5 минг туп манзарали дарахт кўчатлари экилди. Икки миллион туп гул кўчатлари ўтқазиш ишлари бошлаб юборилди. Анжуман бошлангунга қадар шаҳарнинг 20 та йирик йўл чорраҳаларида композицияли гулзорлар барпо қилиш, марказий кўчалар кесишмасида мустақиллик йиллари эришган ютуқларимизни видеороликлар ёрдамида намойиш этиш мақсадида катта ҳажмдаги 7 та монитор, самарқандликлар ҳамда хорижлик сайёҳларга анжуман иштирокчилари чиқишларини ташкил этиш учун 5 та йиғма саҳна ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Иштирокчилар сараланди

– Ўтган қисқа давр мобайнида фестивалга қатнашувчилар сони ошиб, дунёнинг барча қитъаларини қамраб олди, – дейди "Шарқ тароналари" XI халқаро мусиқа фестивали ижрочи директори Т.Холиқов. – Бугунга қадар дунёнинг юздан ортиқ давлатлари ҳамда ЮНЕСКО, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Халқаро фольклор санъати ташкилоти, Осиё тараққиёт банки вакиллари бу нуфузли фестиваль иштирокчисига айланган. Яна Қозоғистон, Исроил, Эрон, Россия, Бельгия, Италия, Канада, Бразилия, Грузиядан бир нечта мусиқа жамоалари иштирок этиш истагини билдириб, дирекциямизга мурожаат этишмоқда. Шу кунга қадар 120 га яқин бадиий жамоалар орасидан 38 та жамоани саралаб олдик. Умуман, фестивалда бу йил 56 давлатдан 250 нафар санъаткорлар иштирок этиши кутилмоқда. Ушбу мусиқа анжумани тарихида кузатилмаган Ямайка, Малави, Мяньма ва Уругвай давлатлари вакиллари иштирокини таъминлаш бўйича музокаралар олиб бориляпти.

Иштирокчилар сараланди

Фестивалнинг аҳамиятини янада ошириш, дунё ҳамжамияти эътиборини Ўзбекистон мусиқа маданиятига қаратиш мақсадида 20 га яқин хорижлик мутахассислар иштирокида махсус давра суҳбатлари, тақдимотлар ва маҳорат дарслари ўтказиш режалаштирилган.

Фестиваль доирасида ўтказиладиган "Шарқ халқлари мусиқа маданияти миллий анъаналарининг шаклланиши ва ривожланиши" мавзусидаги илмий-назарий конференцияда 20 дан ортиқ хорижлик таниқли мусиқа мутахассислари, олимларнинг иштироки кўзланаётир. Тадбирларни хориж оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш мақсадида 15 га яқин давлатлардан 25 нафар журналист Самарқандга келиш истагини билдирган.
Шунингдек, анжуманга фахрий меҳмон сифатида ЮНЕСКО, Мустақил Давлат Ҳамдўстлиги, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Кореянинг Андонг, Хитойнинг Шанхай халқаро мусиқа фестиваллари вакиллари таклиф қилинган.
Фестивалда намойиш қилинган куй ва қўшиқларни баҳолаш учун АҚШ, Жанубий Корея, Хитой, Эстония, Қувайт, Индонезия, Бангладеш, Россия ва ўзбекистонлик мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати тузилди.
Анжуманда фестивалга тайёргарлик жараёнларининг бошқа масалаларига доир саволларга батафсил жавоблар берилди.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ
(фото).