Охирги янгиликлар

Қишлоқ фермери маҳсулотини хорижга сотади Долзарб

Вилоятимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва модернизациялаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада 2016 йилда 350 минг тоннадан ортиқ маҳсулот етиштирилди. Вилоятдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи 100 га яқин корхоналар томонидан ҳосилнинг ярмидан ортиғи хорижга сотилди. 
Етиштирилаётган маҳсулотнинг юқори сифатлилиги эса ташқи ҳамкорлар сонининг ортишига олиб келмоқда. Масалан, бир неча йил олдин вилоятимизда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари асосан МДҲ ва Осиёнинг 30 га яқин давлатига сотиларди. Эндиликда савдо географияси кенгайиб, Ҳиндистон, Мўғулистон, Вьетнам ва бошқа янги бозорлар ўзлаштирилди ҳамда вилоятимизда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини харид қилувчи давлатлар сони 40 тага яқинлашди. Шу билан бирга вилоятдаги 40 дан ортиқ қайта ишловчи корхона томонидан етиштирилган ҳосилнинг 500 тоннадан ортиғи қабул қилинмоқда. Яъни, сабзавотнинг 33, меванинг 38, сутнинг 34, гўштнинг 27 фоизи вилоятдаги корхоналарда қайта ишланмоқда. 

Масалан, Ургут туманида 2200 фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Улар тумандаги узум ва тамакини қайта ишловчи корхоналар, "Булунғур Сандвик", "Сам Фрут" ва бошқа корхоналар билан маҳсулот хариди борасида шартномалар тузган.
– Фермер хўжаликларида ўтказилган мақбуллаштиришдан сўнг 10 гектар ер олиб, ўтган йили ўз фаолиятимизни бошлагандик, – дейди "Зияқулов Рифат Қурбонбоевич" фермер хўжалиги бошлиғи Рифат Зияқулов. – Натижада ғалла, помидор, картошка ҳосилидан 75 миллион 700 минг сўм даромад олдик. Яна 2 гектар тамаки хариди борасида "Бритиш Американ Тобакко – Ўзбекистон" қўшма корхонаси ва туманимиздаги узумни қайта ишловчи корхона билан 3 тонна маҳсулот сотиш бўйича шартномамиз бор. Олинган фойда ҳисобидан паррандачилик тармоғини ишга туширдик. Голландиядан 20 миллион сўмга 4 тонна янги навдаги уруғлик картошка олиб келдик. Такрорий экинга режалаштирган картошка, помидор, дуккакли ва бошқа экинларни экиб бўлмасимиздан 50 тоннадан ортиқ маҳсулот хариди борасида "Сиёб саховати" корхонаси, "Ургут деҳқон бозори" ва "Ургут замин соҳибкори" экспортёр корхоналари билан умумий ҳисобда 55 миллион сўмлик шартнома имзоладик. Бу албатта иккиламчи нархда ҳисобланди. Чунки, Президентимизнинг 2016 йил 12 апрелдаги "Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан, маҳсулотни бозор нархларида харид қилиш белгиланган. Бу эса деҳқон даромадининг янада кўпайишига замин яратади. Хуллас, ҳозирги ҳисоб-китобимизга кўра хўжалигимиз бу йилги деҳқончиликдан 130 миллион сўм даромадга эга бўлади.

Дарҳақиқат, маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчилар манфаатининг давлат томонидан ҳимоя қилинаётгани хўжаликларнинг барқарор ривожланиши ва қонуний тарзда тўла асосда фаолият олиб боришига замин яратмоқда. Масалан, Президентимизнинг 2016 йил 12 апрелдаги қарорига асосан, ишлаб чиқарувчилар шартнома қийматининг 40 фоизигача бўлган маблағни олдиндан олиши маҳсулот етиштирувчига бир мунча қулайликлар яратди. Президентимизнинг 2017 йил 21 июндаги "Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эса қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг йирик ишлаб чиқарувчилари ва экспортёрлар учун айни муддао бўлди. 

– Биз асосан янги узилган ва қуритилган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти билан шуғулланамиз, – дейди тумандаги "Агроветсервис" масъулияти чекланган жамияти директори Соли Маҳқулов. – Ўтган йили Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларига қуритилган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилган бўлсак, МДҲ давлатларига янги узилган мевалар, араб давлатларига дуккакли экинлардан етказиб бердик.
 
Президентимизнинг жорий йил 21 июндаги қарорига асосан, 1 июлдан бошлаб 100 фоиз олдиндан тўловни амалга ошириш шарти билан хорижий ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш имконияти яратилди. Бу эса биз каби экспортёр корхоналарга бир қатор қулайликлар яратди. Масалан, ўтган йилларда қуруқ мева экспорти тўғридан-тўғри амалга ошириларди, лекин янги узилган мева "Ўзагроэкспорт" акциядорлик жамияти орқали чиқариларди. Янги қарор асосида банклардаги пул танқислигини айтмаса, экспорт қилиш учун барча тўсиқлар олиб ташланди. Ўтган йили вилоятимизда жамиятимизнинг учта филиали орқали жами 19 давлатга 15 минг тонна маҳсулот экспорт қилган бўлсак, шунинг 7 минг тоннасини узум ташкил қилди. Бу йил Польша, Украина ва бошқа Европа давлатларидан ҳам таклифлар тушяпти.
 
Бунгача доимий ҳамкорлар сифатида Қозоғистон ва Россия давлатларидаги ишбилармонлар билан тўғридан-тўғри шартнома имзоладик. Қолаверса, жамият қошида олма, шафтоли, гилос, узум, ўрик майдонларидан иборат 44 гектарлик интенсив боғ ташкил этдик. Ҳозирда жамиятимизда 30 га яқин ходим меҳнат қилаётган бўлса, интенсив боғ ва янги қарор асосида хорижий давлатларда маҳсулотга талабнинг ортиши натижасида яна шунча иш ўрни яратишни мақсад қилганмиз. 
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ, 
"Зарафшон" мухбири.