Охирги янгиликлар

Меҳр ва меҳрибонлик кўрсатиб Долзарб

Орзулар рўёби
Қариндош-уруғнинг аччиқ-чучук гапларини эшитиб, уй эгаларининг қовоқ-тумшуғига қараб юришнинг қанчалик оғирлигини Ойбаҳор Жўрақулова яхши билади. Турмуш ўртоғи вафот этгач, ёш гўдаги билан кўчада қолган ёш жувон ота уйига ҳам сиғмади. Кейин гоҳ у, гоҳ бу қариндошиникида бир ҳафта-ўн кун яшаб юрди. Ўғли катта бўлгани сари амакию тоға, аммаю холаларининг эшиги ҳам улар учун қаттиқ ёпиладиган бўлиб қолди. Қариндош-уруғ, маҳалла-кўй шу норасидалар учун икки хонали бўлса-да уй солиб беришнинг иложини тополмади. 

Меҳр ва меҳрибонлик кўрсатиб

– Уйма-уй сарсон бўлиб юриш, яқинларимнинг аччиқ гаплари жонимдан ўтиб кетди, – дейди Ургут туманида яшовчи О.Жўрақулова. – Шу йил боши, қиш пайти эди туманимиздаги Халқ қабулхонасига ёрдам сўраб бордим. Ўша ерда ҳали дардимни айтмай туриб, ҳолсизланиб йиқилдим. Кўзимни очсам, туман марказий шифохонасида ётибман. Ўзим қандай ҳолатдаман билмайману боламни ўйлайман. Сардоржоним етим бўлиб қолмасин, кун кўрмай ёшлиги хазон бўлмасин деб, кўзимдан ёш тинмайди. Туманимиз ҳокими ва бошқа раҳбарлар ҳолимдан хабар олиб туришди, зарур ёрдам кўрсатишди. Бир куни туман ҳокими келиб, "Опа, ўзингиз ва болангизнинг соғлиғини ўйланг, насиб этса уй ҳам қуриб берамиз", деганида кўнглимда умид учқуни пайдо бўлди, яшашга иштиёқим ошди. Мана орадан 6-7 ой ўтиб, Мерганча маҳалласидан уч хонали уй беришди. Ҳокимлик ва ҳомийлар уйни жиҳозлаб, рўзғор буюмлари совға қилишди. Бугун янги уйимизда ҳовли тўйи ва ўғлимнинг суннат тўйини бирга нишонладик. Маҳалла яқинидаги тикувчилик цехига ишга жойлашдим ва энди уйнинг қолган тўловларини тўлашга ўзимда имконият бўлади. Бизнинг бошимизни силаб, ушалмас орзуимизни амалга оширган Президентимизга минг раҳмат дейман. Илоҳим тан-жонлари соғ бўлиб, халқимизга бош бўлиб юрсинлар!

Меҳр ва меҳрибонлик кўрсатиб

Вилоятимизда уй-жойга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган 37 нафар фуқарога Ўзбекистон Президентининг совғаси – янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойларнинг тантанали топшириш маросимида айтилган бундай дил изҳорларининг ҳар бирида одамларнинг бир неча йиллик орзу-армонлари рўёбидан бахтиёрлик, ёруғ кунларга ишонч ва шукроналик мужассам. 

Ҳар бир оиланинг
ўз уйи бўлади
Кучли ижтимоий ҳимоя, кам таъминланган оилалар ва имконияти чекланган кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда ушбу стратегиянинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да амалга оширишга доир давлат дастурида ҳам бу борада муҳим вазифалар белгиланган. 

Шундан келиб чиқиб, жорий йилда уй-жойга эҳтиёжманд, имконияти чекланган 21 нафар хотин-қизга "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамиятининг Самарқанд вилоят ҳудудий филиали томонидан тикув машиналари берилиб, улар касаначи сифатида иш билан таъминланган эди. Шу билан бирга уларнинг ҳар бирига янгиланган намунавий лойиҳадаги уй-жойлар ажратилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига уй-жой сўраб мурожаат қилган имконияти чекланган, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериш мақсадида вилоят бўйича 16 нафар фуқарога икки-уч хонали уйларнинг бошланғич тўлови давлатимиз томонидан тўлаб берилди.

– 2008 йилда йўл-транспорт ҳодисаси натижасида турмуш ўртоғим вафот этгач, икки нафар бола билан ёлғиз қолдим – дейди Нарпай тумани Нарпай маҳалласида яшовчи Умида Эргашева. – Эримнинг уй-жойи бўлмагани учун отамнинг уйига кўчиб кетишга мажбур бўлгандим. Лекин тўрт хўжаликнинг битта тор ҳовлида яшаши оғир экан.
Ҳар тонгда бир тилакни айтаман – кун тинчгина, жанжалсиз ўтсинда. Охири Халқ қабулхонасига мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Ҳокимлик, маҳалла шароитимизни ўрганиб, ўз хулосасини берди. Уч хонали уйнинг бошланғич тўлови бизга Президентимизнинг ёрдамлари бўлди. Қолган қисмини ўзим иш ҳақим ҳисобидан тўлаб бораман. Худога шукур, бугун барча шароитга эга уч хонали уйга кўчиб ўтдик. Барчамизнинг, айниқса, болаларимнинг қувончи чексиз. "Президентимиз совға қилган уй бу" деб қараб кўзимиз тўймайди. Энг муҳими, ўз уйимизда хотиржаммиз. Қизим ва ўғлим ҳам мактабга боради. Ўқиш билан бирга спорт тўгаракларига қатнайди. Уларни Ватанимизга муносиб инсонлар этиб тарбиялашга ваъда бераман.
Мурувватдан кўнгиллар
шод бўлди
Вилоятда ўтказилган меҳр-мурувват тадбирлари доирасида 700 нафардан ортиқ имконияти чекланган, ёрдамга муҳтож кишиларга ногиронлик аравачаси, қўлтиқтаёқлар, эшитиш мосламаси ва бошқа воситалар берилди.
– Ўн олти йилдан бери полиартрит хасталигидан азият чекаман, – дейди Паст Дарғом туманида яшовчи М.Отажонова. – Йилдан-йилга ҳаракатланишим оғир бўлиб бормоқда. Ногиронлик аравачасига эҳтиёжим бор эди. Бугун Самарқанд шаҳрига таклиф этишганда бу мосламани бунчалик катта тадбир уюштириб топширишлари хаёлимга ҳам келмаган эди. Раҳбарлар, вилоят жамоатчилиги вакилларининг байрам билан табриклагани, дастурхон ёзиб, ҳол-аҳвол сўраганидан бошим кўкка етди. Илоҳим, халқпарвар Президентимиз омон бўлсин.
Хайрия тадбири ташкилотчилари Самарқанд шаҳридаги Саховат уйида бўлиб, бу ерда яшаётган кишилар ҳолидан ҳам хабар олдилар. Улар учун дастурхон ёзилиб, кийим-кечак ва бошқа эсдалик совғалари берилди. Муассасада истиқомат қилаётган юртдошларимизга ҳар томонлама қулайлик яратиш мақсадида замонавий музлаткич ва кондиционерлар совға қилинди. Самарқандлик таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Тадбирларда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Т.Жўраев иштирок этди.
Ғолиб ҲАСАНОВ,
Алишер ИСРОИЛОВ (фото).