Охирги янгиликлар

Асал кўпаяди Долзарб

Асал – шифобахш неъмат. Мутахассисларнинг айтишича, асал таркибида инсон организми учун фойдали  микроэлементларнинг 70 фоиздан ортиғи мавжуд.
Шу маънода, асаларичилик ривожи нафақат иқтисодий юксалиш, балки кишилар соғлиғини сақлаш ва уни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Республикамиз Президенти томонидан 2017 йил 16 октябрда қабул қилинган "Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини янада кўпайтириш, асални қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш борасида имкониятлар эшигини очди.

Ёш асалчи – ўтган йили Самарқанд қишлоқ хўжалик институтини имтиёзли равишда тугатган пастдарғомлик Муҳаббат Тоғаева ушбу қарор қабул қилинганидан мамнун. Чунки институтда таҳсил олиш давомида асаларичилик тармоғидаги муаммолар, унинг истиқболлари, соғлом асалари етиштириш омиллари ҳақида ўқиди, изланди. Бугун бу борада тадқиқот ишларини олиб боряпти.
– Институтда олган назарий билимларимни амалиётда қўллаш учун туманимиздаги кўп тармоқли "Нур Ислом" хусусий илмий ишлаб чиқариш корхонаси тасарруфидаги асаларичилик хўжалигида иш бошладим, – дейди М.Тоғаева. – Бу ерда 40 асалари оиласи бор. Ўтган йилнинг ёзида катта харажат эвазига 20 та пакетда Россиядан "Карпат" зотли она асалари келтирдик. Натижада 400 килограмм асал олган бўлсак, бу йил асалари оилаларининг соғломлашгани эвазига ҳар бир асалари оиласидан 35 килограмдан табиий тоза маҳсулот олишга эришдик. Демоқчи бўлганим, четдан зотли асалари келтириш жуда фойдали, бироқ қиммат.

Президентимиз қарорида эса бу масала ҳал этилган. Аввало, юртимизда фаолият юритаётган асаларичиларни бирлаштириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда уларга кўмаклашиш мақсадида "Ўзбекистон асаларичилари" уюшмаси ташкил этилди. Тармоқни ривожлантириш учун бу жуда керак эди. Энг муҳими, уюшмага аъзо хўжаликлар томонидан четдан олиб келинадиган наслли материаллар, асаларичилик соҳасида қўлланиладиган ускуналар, асалари уяларини ташиш учун махсус транспорт воситалари, асалари касалликлари ва зараркунандаларига қарши қўлланиладиган ветеринария дори воситалари, препаратлар, мумпарда ва мум маҳсулотлари 2023 йилгача божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этиладиган бўлди. Бу эса барча асаларичилар олдида кўндаланг турган асосий муаммоларнинг ёрқин ечимидир. 

Дарвоқе, М.Тоғаеванинг отаси – 77 ёшли Фарҳод Тоғаев кўп йиллар Самарқанд давлат тиббиёт институтида ишлаган, иқтисод фанлари доктори. Асалари парвариши борасида ҳам тажрибага эга. "Тармоқда "Устоз-шогирд" анъанасини жорий этиш зарур", деб ҳисоблайдиган Фарҳод ака қизининг асаларичилик истиқболларини тадқиқ қилиш ва тармоқдаги муаммоларни ечишдаги ҳаракатларига камарбаста.
– Қарор ижросига кўра, асаларичилар учун етарли шароитлар яратиладиган бўлди, – дейди Ф.Тоғаев. – Энди гап тармоқ фаолияти билан шуғулланувчиларнинг ўзида. Меҳнат қилиш, изланиш керак. Шунингдек, асалари наслчилигини кенг йўлга қўйиш, асални қайта ишлайдиган ҳамда қадоқлайдиган кичик корхоналар, улар билан савдо қилувчи дўконлар ташкил этиш керак. Шунда асал янада кўпаяди, бозорларимиз сифатли, тоза, арзон бол билан тўлади.
Акрам БЎРИЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ
(фото).