Охирги янгиликлар

Самарқанддан Истанбулга Долзарб

Кеча Самарқанд халқаро аэропортидан "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясининг "Самарқанд – Истанбул – Самарқанд" йўналиши бўйича мунтазам ҳаво қатнови илк бор амалга оширилди.
Янги рейснинг очилиши муносабати билан ҳамда Самарқанддан Туркиянинг Истанбул шаҳрига биринчи парвоз йўловчиларини кузатиш учун аэропортга вилоят ва шаҳар жамоатчилиги вакиллари жам бўлди.
Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси ташқи алоқалар бошқармаси бошлиғи Н.Аюпов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Туркияга амалга оширган давлат ташрифи давомида мамлакатларимиз ўртасидаги турли соҳаларда, жумладан, фуқаро авиацияси бўйича ҳамкорлик алоқаларини изчил ривожлантириш борасида муҳим келишувларга эришилганини таъкидлади. Самарқанддан Истанбулга тўғридан-тўғри рейснинг йўлга қўйилгани ушбу келишувларнинг амалий натижаси эканлиги қайд этилди. Мазкур йўналиш давлатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтиришда икки давлат ишбилармонларига кенг имкониятлар яратиш билан бирга, мамлакатларимизнинг сайёҳлик индустриясини ривожлантиришга хизмат қилади.

Самарқанддан Истанбулга

– Бир неча йилдан буён самарқандлик ҳамкорлар билан бирга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириб келамиз, – дейди туркиялик Меҳмед Оташ Якар. – Шу пайтгача она юртимга Тошкент аэропорти орқали бориб келардим. Эндиликда Самарқанддан Истанбулга ҳаво кемаси қатновининг жорий этилгани мен каби кўплаб тадбиркорлар учун катта қулайлик бўлди. Бунинг учун давлатларимиз раҳбарларидан миннатдормиз.


Ушбу йўналишдаги парвозлар ҳозирча ҳафтанинг душанба кунида, 16 ноябрдан бошлаб эса пайшанба кунлари ҳам амалга оширилади. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси янги йўналишда йўловчиларга Airbus А320 ва Boeng 757 замонавий ҳаво лайнерлари орқали хизмат кўрсатади.
– "Самарқанд – Истанбул – Самарқанд" йўналиши бўйича илк рейснинг йўловчиси эканлигимдан хурсандман, – дейди самарқандлик Азиза Аббосова. – Айниқса, бугунги тантанали маросим том маънода тарихий кун сифатида хотирамизда қолади. Икки қардош халқ ўртасидаги дўстона алоқалар бундан кейин яна ҳам ривожланиши ва мустаҳкамланиши тарафдоримиз.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари А.Умаров ва М.Восеев иштирок этди.

Ғолиб ҲАСАНОВ, 
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).