Охирги янгиликлар

ЎЗБЕКИСТОН ТАШАББУСЛАРИ МИНТАҚАНИНГ УМУМИЙ ТАРАҚҚИЁТИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ Долзарб

Самарқанд шаҳрида 10 ноябрь куни БМТ шафелигида "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва  тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзусида халқаро конференция  бошланди. 
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. 
Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёни барқарор ва иқтисодий ривожланган минтақага айлантириш, улкан ҳудудда тинчлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича долзарб ташаббусларни илгари сурди. 
Ўзбекистон изчил тинчликпарварлик сиёсати юритиб келмоқда. Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига киришиш маросимидаги нутқида ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш асосида хорижий давлатлар, энг аввало, қўшни мамлакатлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга алоҳида аҳамият қаратишини таъкидлаган эди. 

Бу мақсадлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топди. Чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритиш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилишни ҳал этиш каби масалалар устувор йўналишлар этиб белгиланди. 
Ўтган қисқа вақтда бу борада тарихий қадамлар қўйилди. Президентимиз илк давлат ташрифларини қўшни мамлакатларга амалга оширди. Қозоғистон ва Қирғизистон Президентлари давлат ташрифи билан Тошкентда бўлди. Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва сиёсий иродаси туфайли ишонч даражаси сезиларли ошди. Давлат чегаралари, савдо алоқалари, транспорт коммуникациялари, ҳудудлар ҳамкорлиги каби кўплаб масалалар бўйича ўзаро манфаатли ечимлар топишга эришилди. 

Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратаётганини таъкидлади. "Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир. Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё - биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир. Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоридир. Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч истисносиз барча масалалар бўйича оқилона муроса асосида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз", деган эди давлатимиз раҳбари. 
"Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзусида ўтаётган халқаро конференция шу борадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, умумий ёндашувлар ишлаб чиқиш ва истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этади. 

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур форум Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш конференция иштирокчиларига мурожаат йўллаб, унинг алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Анжуманда А.Гутерришнинг видеомурожаати намойиш қилинди.
Халқаро конференция шўъба мажлисларида давом этди. Уларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг нутқида билдирилган фикрлар, илгари сурилган долзарб ташаббуслар кенг муҳокама қилинди.
ЎзА.