Охирги янгиликлар

ТАНИҚЛИ САВДО БРЕНДЛАРИ АСОСЧИЛАРИ ЁШЛАРГА МУВАФФАҚИЯТ СИРЛАРИНИ ЎРГАТДИ Долзарб

Самарқанд шаҳридаги Концерт залида Ўзбекистон ёшлар  иттифоқи, Савдо-саноат палатаси, Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси ҳамкорлигида  ўтказилаётган "Глобал тадбиркорлик ҳафталиги" доирасида тадбир бўлиб ўтди.
Унда "Alimkhan Exim Group", "Murad Buildings", "Compas Consalting" компаниялари ҳамда Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси асосчилари, тажрибали тадбиркорлар А.Олимхонов, М.Назаров, У.Хожиаҳмедов, Ҳ.Абдураҳмоновлар ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган самарқандлик ёшларга маҳорат машғулотлари ўтказди. Машғулот давомида нотиқлар мамлакатимизда бизнес борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тадбиркорликда муваффақиятга эришишнинг муҳим сирлари борасидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

– Самарали меҳнати билан муваффақиятга эришган тадбиркорлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни янги ғоялар сари илҳомлантириш, юртимизда тадбиркорлик тизимини ривожлантириш глобал тадбиркорлик ҳафталигининг асосий мақсади саналади, – дейди Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси асосчиси Ҳикмат Абдураҳмонов. – Тадбир давомидаги маҳорат дарсларида маърузачиларимиз ёшларга тадбиркорлик фаолияти учун зарур бўладиган иштиёқ, ишонч, меҳнатсеварлик, интизом ва мақсад сари олға интилиш, мослашувчанлик, маблағни бошқариш қобилияти каби хислатларни шакллантириш юзасидан мисоллар асосида тушунча берди.

– Хорижда ҳам машҳур брендларга эга, таниқли тадбиркорларнинг Startap ҳаракатларни ривожлантириш, бизнес самарадорлигини таъминлаш, инновациялардан фойдаланиш, инвестицияларни жалб этиш каби йўналишлардаги тақдимотида ўз бизнесимни йўлга қўйиш учун муҳим маълумотларга эга бўлдим, – дейди Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти талабаси Ш.Язданова. – Улар билдирган фикрлар туризм соҳасида бизнес лойиҳамни тайёрлашим ва ижобий натижаларга эришишимда асқотади деган умиддаман.
Тадбир доирасида меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги "JV MAN Auto – Uzbekistan", "Sam Antep Gilam" қўшма корхоналари ҳамда ёшлар етакчилигидаги тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан ҳам танишишди.
Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.


Reklama huquqi asosida