Охирги янгиликлар

ИНСПЕКТОРНИНГ ХИЗМАТ УЙИ ВА ШАХСИЙ МАШИНАСИ БОР Долзарб

Самарқанд шаҳридаги  Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилган майдонда вилоят ички ишлар бошқармаси ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг тантанали қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда республикамиздаги турли вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, профилактика инспекторларининг оила аъзолари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Муродов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири П.Бобожонов, вилоят ҳокими Т.Жўраев ва бошқалар мамлакатимиз ички ишлар органлари фаолиятини замон талаблари асосида такомиллаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Соҳанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлаш тизимини янгича асосда йўлга қўйиш юзасидан давлатимиз раҳбарининг бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги "Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига кўра профилактика инспекторларига барча шароитга эга хизмат уйлари топширилмоқда. Шунингдек, улар имтиёзли кредит асосида шахсий автомашина билан таъминланмоқда. Мазкур қарор асосида жорий йилнинг 1 октябрь куни вилоятимиздаги 180 нафар профилактика инспекторига хизмат уйи ҳамда автомашина калитлари тантанали топширилганди. Бу гал яна 120 нафар инспектор ана шундай ғамхўрликдан баҳраманд бўлди. 

Маросимда профилактика инспекторлари тантанали қасамёд қабул қилди ва уларга замонавий хизмат уйи, янги автомашина калитлари топширилди.
– Бир йилдан буён Самарқанд шаҳридаги Девори Кўндаланг маҳалласи профилактика инспектори вазифасида ишлаяпман, – дейди катта лейтенант Дилшод Маҳаммадиев. – Пайариқ туманидан бўлганим учун туну кун хизмат ҳудудимда фаолият олиб боришда қийинчиликларга дуч келардим. Эндиликда маҳалла ҳудудида замонавий уй қуриб берилгач, оилам билан шу ерда яшаб, доим хизмат жойида бўламан. Болаларимнинг кўз олдимда эканлиги эса оиламдан кўнглим тўқ бўлиб, ишлашимга ёрдам беради. Бугун тантанали қасамёд қилиб, касбимнинг шараф ва масъулиятини яна бир бор чуқур ҳис қилган ҳолда бундан буён ҳам ўз ҳудудимда осойишталикни таъминлаш, фуқароларни ҳимоя қилиш ва турли нохуш ҳолатларнинг олдини олишга бор кучимни сафарбар этаман. 

– Ўғлим Санжарбек Иштихон туманидаги Дедан маҳалласи профилактика инспектори, – дейди нарпайлик Зебо Қобилова. – Уй-жойи бўлмагани учун оиласи биз билан турарди, ўзи эса икки-уч кунда қишлоққа бориб келарди. Президентимизнинг эътиборини қарангки, Санжарбек сингари профилактика инспекторларига қулайлик яратиш ва ўз вазифасини тўлақонли бажариши учун хизмат ҳудудида уй қуриб бериляпти. Бизнинг фарзандимиз ҳам энди иш жойида бунёд этилган уйда оиласи билан яшаб, хизматни давом эттиради. Янги машинасига отаси иккимиз, келиним ва неварамни миндираман деб бугунги тадбирга таклиф этган эди. Бу ердаги тантаналардан бошимиз кўкка етди.
Профилактика инспекторларига яратилаётган бундай имконият ва қулайликлар уларнинг иш самарадорлигини ошириб, ҳудудда тинчлик-осойишталикни сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Ғолиб ҲАСАНОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).


Reklama huquqi asosida