Охирги янгиликлар

"САМАВТО"ДАН 30 МИНГИНЧИ АВТОМОБИЛЬ Долзарб

Самарқанд автомобиль заводида ўттиз мингинчи автомобиль – SAZ HC 45 маркали автобус ишлаб чиқарилди.
Шу муносабат билан корхонада ўтказилган тантанали маросимда "Ўзавтосаноат" акциядорлик жамияти, Япониянинг ISUZU Motors компанияси ва Itochu корпорацияси вакиллари, завод жамоаси ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда автомобилсозликни ривожлантириш, мазкур йўналишда миллий маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар бугун юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Айни пайтда юртимизда ишлаб чиқарилаётган енгил ва юк автомобиллари, автобуслар ички эҳтиёжни қондирибгина қолмай, хорижий давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда.

Самарқанд  автомобиль заводида 2006 йилдан буён Япониянинг дунёга машҳур ISUZU Motors компанияси ва Itochu корпорацияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилаётган автомобилларга бугун нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам талаб ошиб бормоқда.
– Дастлаб заводда "ISUZU" шассиси асосида ҳаракатланувчи икки турдаги автобус ва уч турдаги юк автомобиллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эдик, – дейди "Ўзавтосаноат" акциядорлик жамияти раиси ўринбосари А.Мусаев. – Ўзаро ишонч ва тенг манфаатли шерикликка асосланган ҳамкорлигимиз натижасида йилдан-йилга маҳсулот тури ва сифат кўрсаткичлари ошиб бормоқда. Шу боис айни пайтда Самарқанд автомобиль заводида 5 турдаги замонавий автобус, 7 турдаги юк ва махсус автомобиллар ҳамда улар учун 30 турдан ортиқ кузовлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу транспорт воситалари бугун халқаро бозорда сифатли ва рақобатбардош даражага етди. Энг муҳими, ўтган даврда самарқандлик автомобилсозлар ўз миллий маҳсулоти – LE60 паст шассили шаҳар автобусини яратиш ва уни кенг кўламда ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Самарқанд автомобиль заводи ISO 9001, ISO 14001, OHSAS 18001 стандартларига жавоб берувчи халқаро сертификатларга эга.
Яна бир эътиборли жиҳати, 2011 йилдан бошлаб заводда сиқилган табиий газда ишловчи двигателлар ўрнатилган автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда. Бу дунё миқёсида табиий газни автомобиль ёқилғиси сифатида ишлатиш тенденцияси тобора кучайиб бораётган бир пайтда мамлакатимиз автосаноатининг замон билан ҳамқадам тараққий этаётганидан далолатдир.
Заводнинг 30 мингинчи автомобили – SAZ HC45 маркали автобус ҳам сиқилган табиий газда ҳаракатланади ва у ўзбек конструктор – инженерлари томонидан яратилган моделдир.

Автомобилнинг тақдимот маросимида "Ўзавтосаноат" акциядорлик жамияти, ISUZU Motors ва Itochu Corporation компаниялари вакиллари маҳсулотнинг юқори технологик кўрсаткичлари ва замонавий дизайнини эътироф этдилар.
– Самарқандлик автомобилсозлар билан ҳамкорликда фаолият олиб бораётганимизга кўп вақт ўтмаган бўлса-да қисқа даврда нафақат бизнес ҳамкор, балки бир жамоа сифатида Ўзбекистон автосаноатида ўз муносиб ўрнимизга эга бўлдик, – дейди ISUZU Motors компанияси вакили Года Казуо. – Шу сабабли бундан икки йил аввал – 2015 йил февраль ойида заводнинг 20 мингинчи автомобили чиқарилишини биргаликда нишонлаган бўлсак, бугун ҳамкорлигимизнинг маҳсули бўлган 30 мингинчи автомашинага гувоҳ бўлиб турибмиз. Келгусида 50, 100 мингинчи автомобиллар чиқарилишини ҳам ана шундай тантана қилишни истаймиз ва бу борада ўзбекистонлик ҳамкасбларимизга муваффақиятлар  тилаймиз. 
Тақдимот маросими доирасида меҳмонлар заводдаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди ҳамда янги автобусларнинг тест-драйв кўригида қатнашди.

Ғ.Ҳасанов,
А.Исроилов (фото).



Reklama huquqi asosida