Охирги янгиликлар

Томорқангиз борми, ишсиз эмассиз Иқтисодиёт

Ишга келаётганимда Алишер аканинг уйи олдидан ўтаман. Унинг уқувсизлигидан томорқасида ўсиб ётган бегона ўтнинг қўланса ҳиди кўчагача чиқади. Бирор жойда ёлчитиб ишламайдиган бу киши олти сотих томорқасида ҳам айтарли экин экмайди. Қишлоқда яшаб, топган пулига бозордан картошка, пиёз ташийди.
Дам олиш куни уй юмушлари билан банд бўлиб юрсам, шу қўшним келиб "Юринг Абдулланикига "қутлуғ бўлсин"га борамиз, машина олибди", деди.
Абдулла деганимиз бир кўча нарида турадиган тиниб-тинчимас, меҳнаткаш йигит. Томорқасининг уватларини ҳам бўш қолдирмасдан экин экади. Уддабуронлигининг ортидан уйларини таъмирлади, оиласи йил сайин фаровонлашиб боряпти. Ҳозир ҳам кузги экинларни йиғиштириб, ерни шудгорлаб жўяк олиб қўйибди. Бу баҳорда ер етилишини камида бир ойга тезлатади, жўяклар ёнларига эртаги картошка экиб, қатор устига редиска парвариш қилади. Бошқалар эртаги экинга киришаётган бир пайтда у биринчи ҳосилни йиғиштириш пайида бўлади. Шундай қилиб, баҳордан кузгача ердан 3-4 маротаба ҳосил олади.

Бу гапларни эшитган Алишер ака ғайрати ичига сиғмай деҳқончилик қилиш режаларини тузди.
– Ака, сизнинг ғайратингиз икки кундан ортмайди, – дейди Абдулла. – Бу йил баҳорда сизга керакли маслаҳатларни бердим, ҳатто уруғни ҳам олиб бориб бердим, қани натижа?! Мен шунча ердан миллионлаб даромад олдим, омборда 4-5 тонна пиёз-сабзи турибди. Буларни сотиб, тўй қилмоқчиман.

Мутахассисларнинг фикрича, 1 сотих ердан 350-400 килограмм помидор, 300-350 килограмм бодринг, 700-750 килограмм пиёз, 450-500 килограмм сабзи етиштириш мумкин экан. 400 килограмм помидорни пишиқчилик даврида арзон нархда пуллаганда ҳам 1 сотих ернинг ўзидан рўзғорга камида 400-450 минг сўм даромад келади. Энди 10 сотих томорқадан шундай даромад олсангиз-чи? Шунинг 1 миллион сўми харажатга кетганда ҳам 3-3,5 миллион сўм соф фойда чўнтагингизда. Ана энди айтинг, томорқанинг бўш туриши кимга зарар, кимга фойда?

Вилоятимизда 71 минг 900 гектардан ортиқ унумдор экин майдони аҳоли ихтиёрида. Шунча майдондан биринчи экиннинг ўзидаёқ помидор, бодринг, пиёз ёки сабзидан 2 миллиондан 5 миллион тоннагача ҳосил олиш мумкин. Ушбу қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ўртача 1000 сўмдан ҳисоблаганда ҳам аҳолининг томорқадан оладиган даромади 2-3 миллиард сўмдан ортади. Бу рўйхатда иккинчи экин, картошка, полиз, узум ва мевадан олинадиган қўшимча даромад киритилмади. Агар бу рақамларни ҳам чўтга ташлайдиган бўлсак, томорқадан ҳам ҳар бир оила мўмайгина даромадга эга бўлиши мумкинлиги аён бўлди. Даромаднинг 20 фоизини харажатга чиқарган тақдиримизда соф фойда миқдори салмоқли бўлади.

Вилоятимиз туманларида ҳар бир хонадон ихтиёрида ўртача 8-10 сотихдан томорқа майдони бор. Деҳқончилик илмидан хабардор кишилар бир йилда шу майдондан ўртача 20-25 миллион сўм даромад олишмоқда. Масалан, Оқдарё тумани Янгиравот-2 маҳалласида истиқомат қилувчи Шерали Мирзаев отасидан деҳқончилик сирларини ўрганган. Ҳозир ўзи фермер хўжалиги ишчиси лекин асосий даромади томорқадан келади.
– Оиламиз ихтиёрида саккиз сотих ер бор, – дейди Ш.Мирзаев. – Рўзғорга керакли маҳсулотларнинг барчаси, икки бош қорамолнинг озуқаси томорқамиздан чиқади, ортганини бозорга ҳам чиқарамиз. Бир йилда ердан 3-4 марта ҳосил оламиз. Ҳозир бир-икки экин билан қаноатланиб қолмасдан бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланиш керак. Ўзимдан қиёс қиладиган бўлсам, 7-8 йилдан буён томорқада 3-4 маротаба ҳосил олгач, ерни шудгорлаб, ҳар йили тўқсонбости усулида кўкатлар экаман. Январь-февраль ойларида кўкатдан бўшаган ерга помидор, карам, бақлажон ва бошқа сабзавот экинлари кўчатларини етиштираман. Энг асосийси, ер бўш турмайди, қиш бўлишига қарамай, ҳар бир сотих ердан 300-400 минг сўм даромад оламиз. Қишда ҳам бекор ўтирмаймиз, рўзғорнинг кам-кўсти тўлади.
Деҳқончилик ҳам бир илм. Уддабурон томорқачиларнинг ишларини кўриб "Иш билганга – минг танга" деганлари шудир, деган фикрга борасан.
Энди ўйлаб кўринг, томорқа эгаси ишсиз ҳисобланадими?
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.