Охирги янгиликлар

Бир қуёндан 20 килограмм гўшт Иқтисодиёт

Умумий маҳсулдорлигига кўра қуёнчилик чорвачилик тармоқлари орасида энг сердаромад соҳалардан ҳисобланади.
Битта қуённи йилига 50-60 тагача кўпайтириш, 50 та тери, 70-80 килограмм гўшт етиштириш мумкин. Зотдор қуёнлардан эса бир йилда 200-300 та наслли қуён,  100 дан ортиқ тери хом ашёси ва 400 килограмгача парҳез гўшт етиштирса бўлади. Шунинг учун ҳам кейинги йилларда мамлакатимизда хориждан наслли қуён зотларини келтириб, маҳаллийлаштириш ва саноат усулида кўпайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Паст Дарғом туманидаги "Дарғом агро Великан" масъулияти чекланган жамияти вилоятимиздаги ана шу йўналишда ташкил этилган ягона корхонадир. 

– Вилоятларда қуёнчиликни ривожлантириш давлат дастурига асосан ўтган йилнинг июль ойида Италиянинг "Мартини" фирмасидан 110 бош наслли қуён келтирдик, – дейди жамият директори Тўлқин Қурбонов. – Ҳар бир қуён учун ўртача 350-360 минг сўм маблағ сарфланди. Айримлар бундай нархдан ҳайратга тушишди. Лекин серпушт ва сердаромад эканлигини унутмаслик лозим. Ўтган олти ойда жамиятимиздаги қуёнлар сони 1600 бошдан ошди. Шартнома асосида туманларга 100 донадан қуён етказиб беряпмиз. Бошқа вилоятлардан ҳам келиб, қуён боқиш технологиясини ўрганиб кетишмоқда. Қуённинг гўшт ва тивит етиштиришга ихтисослашган зотлари ҳам бўлади. Биз келтирганимиз гўшт тайёрлашга мўлжалланган бўлиб, 24 даража иссиққача чидамли.  

Мутахассисларнинг фикрича қуён гўшти парҳез маҳсулот ҳисобланиб, қўй, эчки, қорамол гўштига нисбатан енгил ҳазм бўлади, таркибида холестерин моддаси бузоқ гўштига нисбатан 2,4 марта, товуқ гўшти билан таққослаганда 2,7 марта камроқ. Истеъмол қилинган қорамол гўштининг 62 фоизи инсон организмида ҳазм қилинса бу кўрсаткич қуён гўштида 90 фоизни ташкил қилиб, тўлақонли оқсил моддасига эҳтиёжи юқори бўлган ўсмир ёшлар, аёллар, кексалар учун жуда фойдали ҳисобланади. Терисидан эса саноатда аёллар ва болалар пўстини, нимча, қулоқчинли телпаклар, ёқаликлар, чармли енгил оёқ кийимлари, қўлқоплар, сумкалар тайёрланади. 

– Мамлакатимиз ҳудудларида оқ великан, ангор, кулранг великан, оқ момиқ зотли қуёнлар парвариш қилинмоқда, – дейди жамият ветеринар врачи Акрам Сурмонов. – Биз келтирган қуёнлар гўшт йўналишидаги "Янги Зеландия" зотли бўлиб, 65 кунда 2,5-3 килограмгача тош босади, туғилгандан 105 кун ўтиб, ўзидан насл қолдириши мумкин. Бунда албатта, озуқа рационига эътибор бериб, насл олишдаги илғор тажрибалар, технологик жараёнларни доим ўрганиб борамиз. Гўшт учун боқиладиган қуённинг дунёдаги энг юқори маҳсулдорлиги 20 килограмни ташкил этаркан. Бунинг учун қуёнларни белгиланган даражада маккажўхори, буғдой ва донлардан тайёрланган махсус ем билан озиқлантирилса, 4-4,5 ойлигида кўзланган натижага эришиш мумкин. Она қуёнлар эса алоҳида парваришланиб, озуқа рационига қатъий амал қилинади. 
Ҳисоб-китобларга қараганда, хонадонда 5 бош қуён боқиб, ундан йил давомида 7-8 марта насл олиш ҳисобига қуёнлар сонини мингдан ошириш мумкин экан. Бу эса ўз навбатида ушбу оила томонидан 400 килограмм парҳез гўшт, 700 бош қуён олиш, 16,5 миллион сўм даромад ва 5 миллион сўм соф фойда қилиш имконини беради.

– Дастлабки босқичда туманлардаги хўжаликлар ва қуён боқишга қизиқувчиларга шартнома асосида қуён етказиб беряпмиз, – сўзида давом этади Т.Қурбонов. – Баҳордан гўшт учун мўлжалланган мингта қуён боқиладиган қўшимча бино ишга туширилади ва ойига 4-5 тонна парҳез гўшт етиштирилиб, ички истеъмолга чиқарилади. Гўшт таркибини сақлаш учун махсус музлаткич ва омборхона қуриш режалаштирилган. Яна Италия давлатидан замонавий кушхона ҳам келтирилади.  
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.


Исм:*
E-Mail:
Изох:
Кодни киритинг: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив