Охирги янгиликлар

Тўловдаги адолатсизлик соҳага аҳолининг ишончини йўқотади Иқтисодиёт

Ҳозир тўрт одам тўпланса, гап албатта, коммунал тўловга бориб тақалади. Сабаби, соҳа ходимлари қарздорликни бартараф этиш учун жиддий киришганлар. Бу яхши, албатта. Аммо бир савол туғилади: Президент огоҳлантиргунга қадар улар нега бу ҳақда шундай ўйлашмади? Нега олимлар, мутахассислар, оқсоқоллар аҳоли билан маслаҳат, машварат қилишмади?
Майли, шунисигаям шукур. Яхши ҳаракат бошланди. Аммо ҳамма айбни оддий мижоз гарданига ташлаш, ҳар қандай йўл билан бўлса-да, қарзни ундан ундириб олиш билан муаммо ўз ечимини топмайди. Чунки йиллар давомида айнан соҳа ходимлари (албатта, ҳаммаси эмас!) нопоклиги туфайли юзага келган кайфиятни синдириш осон эмас. Мен, нуроний киши бу гапни айтишга маънавий ҳаққим бор, деб ўйлайман.
Агар хатлов ҳашаматли ҳовли ва иссиқхона эгаларидан, тадбиркорлардан, раҳбарлар уйларидан бошланса, натижаси халққа маълум қилинса, бошқалар бировнинг таклифисиз ҳам кассага қараб югуришади. Халқимизнинг бу менталитетини нега ҳисобга олмайсиз?
Қаранг, Президент, вилоят ҳокими хонадонларга киргач, бошқа раҳбарлар ҳам шундай қила бошлашди. Бу биз учун мактаб эмасми?
Соҳадаги янгиликлар (нарх-наводан ташқари), янги тартиблар аҳолига жуда кеч етказилади. Ҳисоблагич ҳақида маълумот олиш учун албатта, газ ёки электр идорасига бориш керак. Йиллар давомида шундай бўлиб келди. Шу сабабли ҳозирда тарғибот ишини кенг олиб бориш керак. Тамагир назоратчиларни халқ ўртасида муҳокама қилиш зарур. Токи аҳоли ҳам бу қинғир иш албатта, жазосини олишига ишонч ҳосил қилсин.
Аҳвол шундай экан, соҳа ходимлари ҳар ойдами, чоракдами депутатларга ёки аҳолига қилинаётган ишлар ҳақида ахборот бериб турсин. Бу ҳақда миш-мишлар, ёлғон ахборотларга ҳам барҳам берилади. Эҳтимол, вақтинча бўлса ҳам "Интизомли тўловчи" танловини ўтказиш керакдир.
Менинг гапим билан ҳолат ўзгариб кетмас. Лекин бефарқ бўлмаганим боис ушбу мулоҳазаларни ёздим.
Жўра АЛЛАЁРОВ,
Паст Дарғом тумани.


Исм:*
E-Mail:
Изох:
Кодни киритинг: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив