Охирги янгиликлар

Соя: фойдали, самарали ва хусусияти кўп Иқтисодиёт

Жорий йилда вилоятимизда ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан жуда фойдали саналган соя экини экиш режалаштирилди.
Соя етиштириш деҳқончиликда тўртта асосий вазифани ўтайди. Булар – аҳолининг ўсимлик оқсилига бўлган эҳтиёжини қондириш, дон етиштиришни кўпайтириш, тупроқ унумдорлигини ошириш ҳамда чорвани ем-хашак билан таъминлаш. 
Жумладан, соя донида 30-52 фоиз оқсил, 18-25 фоиз ёғ, 20 фоиз углеводлар бор. Унинг донидан сут, қатиқ, творог, колбаса, маргарин, ун, кондитер маҳсулотлари, мой, консервалар тайёрлашда фойдаланилади. 

Соя чорва моллари учун қимматли ем-хашак ҳисобланади. 1 тонна соя донидан 750-800 килограмм кунжара олинади. Унда 40 фоиз оқсил, 1,4 фоиз ёғ, 30 фоиз азот сақловчи экстрактив модда сақланади. 100 килограмм яшил массасида 21 озуқа бирлиги, 3,5 килограмм оқсил бор.
Соя экиш тупроқ унумдорлигини оширишда катта аҳамиятга эга. Бу экиндан кейин тупроқда органик моддалар миқдори ортади. Яъни, соя тупроқда гектарига 100-250 килограмм биологик азот ва органик моддалар тўплайди.
Хўш, соя қандай экилади ва қандай парвариш қилинади?

Бизда соянинг давлат реестрига киритилган "Орзу", "Юлдуз", "Дўстлик", "Узбекская-2" навлари экишга тавсия этилган. Буларни экишдан аввал ер тупроқнинг маданий қатлами қалинлиги, сизот сувлар, даланинг рельефига қараб, 28-30 сантиметр чуқурликда ҳайдалади. 
Экиладиган уруғ сараланган, тозаланган, касалликларга қарши ишлов берилган бўлиши лозим. Экишдан 20-24 кун олдин 1 тонна уруғга 1,5-2 килограмм "Паноктин", "Раксил" препаратлари қўшилиб, ишланади. Суғориладиган ерларда қатор оралари 60 сантиметр қилиб, 4-5 сантиметр чуқурликка экилади. Тупроқ механик таркиби қумоқ бўлса, экиш чуқурлиги 6-8 сантиметргача оширилади. Қатор ораларига ишлов бериш майсалар униб чиқиб, қаторлар ҳосил бўлганда бошланади. Биринчи культивация 6-8 сантиметр, кейингилари 10-15 сантиметр чуқурликда ўтказилади.

Суғориш тупроқ механик таркиби, сизот сувлар сатҳига боғлиқ ҳолда ўзгаради. Сизот сувлар чуқур жойлашган бўз тупроқларда 5-6 марта суғориш тавсия қилинади. Механик таркиби оғир тупроқларда суғориш давомийлиги 20-25 соат, енгил тупроқларда 12-15 соат бўлади. Билингки, суғоришни тўғри ташкил қилиш ва тупроқни етарли намлик билан таъминлаш юқори ҳосил олишни кафолатлайди.
Сояни ўғитлашда гектарига ўртача 120-150 килограмм азот, 80-90 килограмм фосфор ва 40-50 килограмм калий берилиши лозим. Ўсиш даврида минерал ва маҳаллий ўғитлар билан ўғитлаш яхши натижа беради.
Пишгач, ҳосил комбайнда ўриб олинади, дон намлиги 14 фоиздан ортиқ бўлмаган ҳолда сақланади.
Дарвоқе, вилоятимизда сояни апрелнинг иккинчи ярмида, ғалладан ёки эртаги сабзавотлардан бўшаган майдонларга эса июнда экиш мақсадга мувофиқ. Ҳосилдорлик баҳорда экилганда гектарига ўртача 37-40 центнер, такрорий экин сифатида экилганда 20-25 центнерни ташкил этади.
Шоди ХОЛИҚУЛОВ,
Мингжигит АБДУРАҲИМОВ,
СамДУ профессорлари.


Исм:*
E-Mail:
Изох:
Кодни киритинг: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив