Охирги янгиликлар

Йўл бўйидаги қаровсиз ердан 1000 тонна узум олинади Иқтисодиёт

Оқдарё туман ҳокимлиги ташаббуси билан "М 37" магистрал йўлнинг ҳудуддан ўтувчи 58 километрида йўл бўйидаги бўш ётган умумий  майдони 100 гектарга яқин ташландиқ ерда войиш қилиниб, ток кўчатлари экилмоқда. 

Катта йўл бўйидаги қаровсиз майдонларни ўзлаштириш учун тумандаги ташкилотлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, маҳаллалар, аҳоли хонадонлари жалб этилиб, ўзларига бириктирилган майдонларда Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти Самарқанд илмий-тажриба станциясидан бир йиллик ток кўчатлари келтириб, экиш ишларини бошлаб юборишди. 
– Бу кўчатлар икки йилда ҳосилга киради, – дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлими раиси Тўғрол Ҳамроев. – Кўчатлар ҳосилга киргунча войиш остига картошка, пиёз, сабзи, нўхат ва кўкатлар тўқсонбости усулида экилмоқда. 
Шунингдек, банклар томонидан имтиёзли кредитлар берилиши ҳисобига туман бўйича 8 мингга яқин табиий иссиқхоналар ташкил этилди. Масалан, Пўлатдархон маҳалласидаги намунавий уйлар атрофида бўш турган майдонларда, Пахтаобод, Янгиравот, Кумушкент, Оқдарё, Темирак, Амир Темур номли, Ойтамғали маҳаллаларида ҳам табиий иссиқхоналар ташкил этилди ва ёнғоқ, унаби ва лимон кўчатлари экилмоқда. 

– Ушбу ташаббус натижасида маҳалламиз ҳудудидаги йўл бўйида бўш турган майдонларда 60 та иссиқхона қурилди, – дейди Пўлатдархон маҳалласи раиси Маҳмуд Насимов. – Бунда ҳар бир хонадон соҳибига бўш турган ерда иссиқхона ташкил этиш учун Халқ банки, "Микрокредитбанк", "Агробанк"нинг туман филиали томонидан 3 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга 5-7 миллион сўмгача кредит берилмоқда. Мақсад – ердан унумли фойдаланиш, уй бекалари бандлигини таъминлаш, қолаверса, маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш. 
Йўл бўйидаги қаровсиз ердан фойдаланиш ташаббуси натижасида янги экилаётган токлар икки йилдан сўнг гектаридан ўртача 100 центнердан ҳосил берганда ҳам туман бўйича қўшимча 1000 тонна узум олинади. Қолаверса, войишлар остида қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг етиштирилаётгани ва бунинг юқори иқтисодий самара келтириши бошланган ташаббуснинг қанчалик тўғри эканлигини кўрсатади. 
– Туманнинг адирлик, сув чиқиши қийин бўлган лалми майдонлари, балл-бонитети паст бўлган 24 гектар ерда ёнғоқ, 20 гектарда унаби плантациялари барпо этиш ҳам режалаштирилган, – дейди Т.Ҳамроев. – Бунинг учун мутахассислар тавсияси асосида ҳосилдир ва тезпишар кўчатлардан етарлича тайёрланди. 
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ. 


Исм:*
E-Mail:
Изох:
Кодни киритинг: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив