Охирги янгиликлар

"Каттақўрғон жайхун": Истиқболли лойиҳалар Иқтисодиёт

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи давомида Каттақўрғон сув омбори ҳавзасида балиқчиликни ривожлантириш  бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан ҳам танишди. 
Биз "Каттақўрғон жайхун" балиқчилик фермер хўжалигида бўлиб, лойиҳа асосида бажарилаётган ишлар билан танишдик. Ҳозирда бу ерда Вьетнам технологияси асосида балиқ чавоқлари етиштириш ва балиқ боқиш йўлга қўйилмоқда.
– Шу пайтгача "Ҳовузга тўртта озуқа ташласак, балиқ катта бўлаверади, манфаат кўраверамиз", деган тор тушунчада ишлаб, мутахассисман деб юрган эканмиз, – дейди балиқчилик хўжалиги раҳбари С.Йўлдошев. – Кунимиз ўтгани ҳисоб, на изланиш, на ривожланиш бўлган! Энди мутлақо янги ғоя, тафаккур, режа билан ишлаяпмиз. Истиқболли лойиҳалар зиммамизга улкан вазифа, масъулият юклади.  Давлатимиз раҳбари балиқчиликни ривожлантириш борасида Вьетнам технологияси усулини жорий этишни тавсия қилди. Икки кун ўқиб, ўрганиб чиқдим – насиб этса,  лойиҳа доирасида 2018 йил иккинчи чорагигача улкан ишлар бажарилади. Каттақўрғон Сурхон ва Зарафшон воҳаларига балиқ чавоқлари ва балиқ етиштириб берадиган улкан балиқчилик саноати марказига айланади. 

Лойиҳа-смета ҳужжатларига кўз югуртирамиз. Лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун 5,1 миллиард сўм маблағ сарфланади ва натижада балиқчилик хўжаликларига йилига 2 миллион дона чавоқ, 500 миллион дона личинка, минг тонна омихта ем етказиб берилади. 400 тонна балиқ қайта ишланади, 200 тонна қадоқланган, 50 тонна дудланган балиқ маҳсулотлари… Шулар эвазига хўжаликда 40 та янги иш ўрни яратилади.
Балиқчилик фермер хўжалигини тубдан ривожлантириш борасида катта ҳажмда қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилди. Эндиликда янги усул – қафас (судок)да балиқ етиштирилади. Хорижлик мутахассислар ва хўжалик ишчилари билан биргаликда Вьетнам технологиясига кўра, 6 мx6 м ҳажмдаги темирдан ва пластмассадан судок тайёрланмоқда. Судок тайёр бўлиб, синовдан ўтказилгач, сув ҳавзаси юза қисмига ўрнатилади. Янги технологиянинг самарадорлиги шундаки, бир куб метрдан 50 килограммгача балиқ чавоғи олиш мумкин. Бунда ҳавзадаги юзлаб куб метр майдон иқтисод қилинади. Энг муҳими, бир неча миллион куб сув тежалади. Битта судокда 2 мингдан 5 мингтагача балиқ парваришлаб, етиштириш мумкин. Балиқлар қўлда озиқлантирилади. 

– Балиқчилик фермер хўжалигимизни ривожлантириш учун бир қатор истиқболли лойиҳалар белгиланган, – дея сўзида давом этади С.Йўлдошев. – Олинадиган кредит маблағлари ҳамда  фермер хўжалигимиз маблағлари ҳисобидан 2 миллиард сўмлик  иш бажарилади.  Замонавий инкубация цехи қурилади, репродуктор ташкил этилади. 200 та судок тайёрланиб, балиқ боқиш йўлга қўйилади. Йилига 1 миллион дона балиқ чавоғи етиштирилиб, табиий сув ҳавзасига қўйиб юборилади.
Шунингдек, лойиҳага кўра, балиқни қайта ишлаш (балиқни ювиш, тозалаш), балиқ маҳсулотларини қадоқлаш, дудлаш, сақлаш учун сиғими 400 тонналик музлаткич-омборхона қуришни режалаштирганмиз. 
Собир ака билан сув ҳавзаси атрофини айланамиз. Ишчилар махсус формада меҳнат қилишмоқда. Фермернинг қўлидаги лойиҳага кўра, 2 та "Исузу" автобуси, 2 та моторли қайиқ сотиб олиниб, ишчиларга хизмат кўрсатади. 
Собир Йўлдошевнинг таъкидлашича, айни кунларда Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларидан келиб, чавоқ етказиб бериш учун шартномалар тузилмоқда. 
Азим ҚОДИРОВ. 


Исм:*
E-Mail:
Изох:
Кодни киритинг: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив