Охирги янгиликлар

Ишбилармон ва ишлаб чиқарувчилар кўргазмаси Иқтисодиёт

Булунғур туманида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Ташаббус" кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди. 
Унда йигирмадан ортиқ иштирокчи ишлаб чиқариш, маҳсулот етиштириш ва миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган ҳунармандчилик намуналарини намойиш этди.
– Корхонамиз 2016 йилда ўқув қуроллари ва спорт жиҳозлари ишлаб чиқариш йўналишида ташкил этилган, – дейди "Мумтоз Самарқанд" масъулияти чекланган жамияти директори Алибек Алимов. – Ҳозирда 12 нафар ишчи билан ҳар ойда ўртача 45 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаряпмиз. Йил сўнгига қадар Германиядан замонавий ускуналар келтириб, ўқув қуролларининг янги турларини ишлаб чиқариш ҳисобига қўшимча 50 та янги иш ўрни яратишни режалаштирганмиз. 
Кўрик-танлов якунига кўра "Энг яхши фермер" йўналишида "Соли ота" фермер хўжалиги бошлиғи Олим Солиев, "Энг яхши тадбиркор" йўналишида "Мумтоз Самарқанд" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Алибек Алимов, "Энг яхши ҳунарманд" йўналишида Мўжизахон Ҳошимхонова ғолиб бўлди. 
Дилшод ОЧИЛОВ.
***
Самарқанд туманида ўтказилган кўрик- танловда эса ишлаб чиқаришда фаоллик кўрсатган 50 нафарга яқин тадбиркор, фермер ва ҳунарманд ўзаро беллашди. 
Унда "Энг яхши тадбиркор" йўналишида "Миронқулстройсервис" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Отабек Усмонов, "Энг яхши фермер" йўналишида "Истиқлол шуъласи" кўп тармоқли фермер хўжалиги бошлиғи Бахтиёр Одилов, "Энг яхши ҳунарманд" йўналишида Шероз Аноров биринчи ўринни эгаллади.
Fолиблар танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритишди. 
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.