Охирги янгиликлар

Тўкинликка йўл очувчи гидроиншоотлар Иқтисодиёт

Каттақўрғон туманининг Элмурод Қурбонов номли муқобил машина-трактор парки ҳудудида 30 та фермер хўжалиги деҳқончилик қилади. Қорадарёга яқин жойлашган бу ҳудудда ернинг нам сақлаши узоқ вақт давом этиб, экин экишни кечиктиради, шу билан бирга, бу жиҳат ҳосилдорликка ҳам салбий таъсир ўтказади.
– 2005 йилда фермер хўжалиги ташкил этганмиз, – дейди тумандаги "Мавлоно" фермер хўжалиги бошлиғи Салоҳиддин Хайруллаев. – Дарё яқин бўлганлиги сабабли еримизда нам бироз узоқроқ сақланади. Бу эса экин-тикин ишларини кечиктирарди. 2016 йилнинг баҳорида хўжалигимиз яқинидаги Биломиқча зовури ковланди. Бу нафақат бизнинг, балки бошқа хўжаликлардаги ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига ёрдам берди. Ер аввалгига қараганда 10-15 кун олдин тобга келди. Натижада 2016 йилда хўжалигимизда пахта ҳосилдорлиги гектаридан ўртача 2,5 центнер, ғалла эса 5 центнерга ошди. Бу ернинг "нафас йўллари" очилгани самарасидир. Жорий йилда 45 гектардаги пахтадан ўртача 30 центнердан, 25 гектар ғалладан эса 55 центнердан ошириб ҳосил олиш ниятидамиз. 
Англаган бўлсангиз, гап ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳақида бормоқда. Хўш, бу борада вилоятимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда? 

Маълумотларга кўра, вилоят фермерлари 379 минг 672 гектар суғориладиган майдонда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришади. Бу ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун 3454 километр узунликдаги коллектор дренаж тармоқлари, шундан 1570 километр туманлараро ва хўжаликлараро ҳамда 1680 километр узунликдаги хўжалик ички коллектор тармоқлари хизмат қилмоқда. 
Президентимизнинг 2013 йил 19 апрелдаги "2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида 2013-2015 йиллар давомида вилоятимизда жами 69 та лойиҳа доирасида 22 миллиард 668,7 миллион сўмлик 1595 километр узунликдаги мелиоратив объектларни реконструкция қилиш, қуриш ҳамда тизимли таъмирлаш-тиклаш тадбирлари амалга оширилди. Ўтказилган тадбирлар натижасида вилоятимиздаги 39 минг 700 гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. 

– 2016 йилги Давлат дастурига асосан вилоятда жами 27 та лойиҳа доирасида 7 миллиард 516 миллион сўмлик 619 километр узунликдаги коллектор тармоқларини реконструкция қилиш, қуриш ҳамда тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилди, – дейди вилоят мелиорация экспедицияси бошлиғи ўринбосари Илёс Муҳаммадиев. – Мелиоратив объектларни реконструкция қилиш ва қуриш дастури асосида 2615,7 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, 9 та лойиҳа бўйича 37,3 километр коллектор тармоқларида реконструкция ва қуриш ишлари амалга оширилди. 126 миллион сўм маблағ эвазига 114 дона кузатув қудуқлари таъмирланди. Ушбу тадбирларнинг бажарилиши натижасида 15 минг 400 гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди, пахта, ғалла ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалик экинларидан олинадиган ҳосилдорликнинг сезиларли равишда ошишига эришилди. 

Энди таҳлилни яна Каттақўрғон тумани мисолида давом эттирсак. Дастур асосида туманда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ирригация ва мелиорация объектларини ривожлантириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида мавжуд коллекторлар, ёпиқ-ётиқ дренаж тизимлари, мелиоратив насос станциялари, тик қудуқлар, гидротехник иншоотлар, канал ва зовурлар реконструкция қилинди.
– Амалга оширилган тадбирлар натижасида йил сайин ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, 40 центнер ва ундан ортиқ пахта етиштирадиган фермер хўжаликлари сони ортиб бормоқда, – дейди туман ҳокимлиги ҳудудларни комплекс ривожлантириш йиғма бўлими бошлиғи Қилич Худойбердиев. – Мелиорация ишлари самарасида туманда сўнгги йилларда пахта ҳосилдорлиги гектарига ўртача 2-3 центнерга, ғалла 3-4 центнерга, полиз ва сабзавот экинлари ҳосилдорлиги эса 4 центнерга ошди. Дастурнинг давоми сифатида жорий йилда ҳам туманда 1 миллиард 384 миллион сўм маблағ сарфланиб, 1799 гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланади. Ирригация тизимини яхшилаш учун 1334 гектар майдонда қиймати 4 миллиард 765 миллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. 
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ, 
"Зарафшон" мухбири. 


Исм:*
E-Mail:
Изох:
Кодни киритинг: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив