Охирги янгиликлар

Бир дона картошкадан 50 минг тонна ҳосил Иқтисодиёт

Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи чоғида Жомбой туманидаги "Fалла Осиё нон" масъулияти          чекланган жамиятида бўлиб, вилоятда яқин вақтда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган янги лойиҳалар ва инновацион янгиликлар билан танишганди. Ташриф чоғида давлатимиз раҳбари вилоятда интенсив кўчат етиштириш ва картошкачиликни ривожлантириш, бу йўналишда лабораториялар ташкил этиш кераклигини таъкидлади. 
Мазкур тавсиялар ижроси сифатида жамият томонидан МДҲ давлатлари орасида ягона бўлган кўчатчилик лабораторияси ташкил этилмоқда. Бу ерда ҳар қандай ўсимлик ёки дарахт ҳужайрасидан қисқа вақтда касалликка чидамли нав олиш имкони бўлади. Яъни, бирор ноёб меванинг кичиккина шохидан ҳам минглаб сифатли кўчатлар тайёрлаш мумкин. Бу лабораториянинг ишга туширилиши кўчатнинг маҳаллий иқлимга мослашишини тезлаштириб, хориждан валюта ҳисобига кўчат келтирилишига барҳам беради. 

– Масалан, картошка ҳужайраси капсулада парваришланади, ҳосил туганаклари пайдо бўлгач, ўнтага ажратилади, сўнг яна ўнга бўлиниб, кўпайтирилади, – дейди жамият иш юритувчиси Муин Саидов. – Шу тариқа картошка ҳужайраси ўсув даври ҳисобида бир йил ичида уч босқичдан ўтади. Кейинги йилдан эса бир дона картошка ҳужайрасидан 50 минг тонна ҳосил етиштиришга етарли уруғ тайёрлаб, деҳқончиликни бошлаш мумкин. Бир йилда уч марта кўчат тайёрлаш йўли билан меванинг кичик шохчасидан 20 мингта янги кўчат яратамиз. Бошқа турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари уруғ ва кўчатлари ҳам шу тарзда кўпайтирилади. Асосийси, лабораториянинг ўзида 60 нафар аҳоли иш билан таъминланади.
 
Ҳозирги кунда 5 нафар мутахассисимиз Греция давлатида шу йўналишда ўқимоқда. Улар қайтгач, бу ерда курслар ташкил этиб, маҳаллий лаборантларга Грецияда ўрганган тажрибаларини ўргатишади. Лабораторияни жорий йилнинг сентябрь ойигача ишга туширишни режалаштиряпмиз. Бу ерда қишлоқ хўжалиги соҳасида тадқиқот ишлари бошланиши билан бир йилда маҳаллий эҳтиёжга етарли бўлган барча турдаги мева-сабзавот, полиз ва бошқа маҳсулотларнинг кўчат ва уруғлари тайёрланади, иккинчи йилдан эса экспортга маҳсулот чиқарамиз. 
Шунингдек, жамият томонидан тайёрланаётган кўчат ва уруғларни парваришлаш учун 1 гектар майдонда Корея технологияси асосидаги замонавий иссиқхона бунёд этилмоқда. Унинг ён-атрофлари уч қатламли "кўрпа" билан қопланди, автоматик иситиш-совутиш тизимлари ўрнатилди. Бу ерда кўчатларни ердан 50 сантиметр баландликда тутиб турадиган қурилмаларни ўрнатишнинг сўнгги жараёни давом этмоқда. Умумий қиймати 2 миллион 300 минг доллар бўлган бу лойиҳани Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигигача ишга тушириш режалаштирилган. 
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ, 
Б.МУСТАНОВ (фото).