Охирги янгиликлар

Ҳавзада хазина кўпайтиришнинг ҳуқуқий кафолати Иқтисодиёт

Ўтган йили вилоят миқёсида 85 гектар майдонда сунъий ҳавза ташкил этилиб, соҳада фаолият юритаётган субъектлар сони 300 нафардан ошди. Балиқчилик хўжаликларини қўллаб-қувватлаш мақсадида эса 2016 йилда "Ипотекабанк" вилоят бўлими томонидан 5,8 миллиард сўмлик кредит ажратилди. Бунинг натижасида ўтган йили 2,5 минг тонна балиқ етиштирилди. 
Президентимизнинг шу йил 1 майдаги "Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кўпайтиришда муҳим ҳужжат бўлди. 

Қарорга кўра, "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси ташкил этилиб, тармоқда озуқа базасини мустаҳкамлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, балиқ етиштириш жараёнига илмий асосланган усулларни ва интенсив технологияни жорий этиш вазифаси юклатилди. Шунингдек, уюшма таркибига балиқчилик тармоғи ташкилотлари ишларини мувофиқлаштирувчи 13 та ҳудудий "Балиқсаноат" масъулияти чекланган жамияти киритилди. Уларга 2023 йилнинг 1 январигача уруғ, балиқ чавоқлари, товар балиқ етиштириш, қайта ишлашдан олинадиган даромадларидан ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этиш имтиёзлари берилмоқда.  

Қарорнинг яна бир аҳамиятли томони, замонавий усулларни жорий этган ҳолда балиқ етиштиришни кўпайтириш борасида 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, махсус ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Улар маҳсулдорлиги юқори бўлган балиқ турларини илмий асосланган ҳолда иқлимлаштириши ҳисобига "Африка лаққаси", "Тиляпия", "Форель", "Венгрия сазани" ва "Осётр" каби турлари кўпайтирилади. Натижада ички бозор узлуксиз равишда кенг турдаги арзон ва сифатли балиқ маҳсулоти билан таъминланади. 

Қарор талабидан келиб чиқиб, соҳа ривожи учун илмий тадқиқотлар, озуқанинг замонавий рецептларини ишлаб чиқиш, наслчилик ишларини молиялаштириш орқали тармоққа илғор технологиялар татбиқ этилади. Балиқ касалликлари профилактикаси ўтказиш ҳамда соҳа ривожи учун инвестиция лойиҳаларини шакллантириш мақсадида уюшма таркибида балиқчиликни ривожлантириш жамғармаси ҳам ташкил этилмоқда. Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар балиқ етиштиришни кўпайтириш ва аҳоли эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади. 

Нажмиддин АБДУВОҲИДОВ,
вилоят давлат солиқ бошқармаси
бош инспектори.