Охирги янгиликлар

Томорқадаги хазина Иқтисодиёт

Булунғур туманининг Олмазор маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудидаги "Шамши ота" фермер хўжалиги аъзолари томорқа имкониятларидан фойдаланиб, иссиқхона ташкил этган.
– Икки йилдирки, илғор технологиялар асосида барпо этган иссиқхонамизда помидор кўчатларини экиб, парваришлаб келяпмиз, – дейди хўжалик раҳбари Шоҳруҳ Эргашев. – Олти оила рўзғори помидордан олаётган даромадимиз эвазига тўкис. Эл дастурхонига йилига 3,5 тонна помидор етказиб беряпмиз.
Раббим ҲОТАМОВ
олган сурат.

***
Паст Дарғом туманидаги Қўқони маҳалласи фуқаролари ердан унумли фойдаланишмоқда. 
– Президентимизнинг ер ресурслари ва аҳоли томорқа хўжаликларидан унумли фойдаланиш юзасидан қабул қилган фармон ва қарорлари биз учун муҳим дастуруламал бўлди, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳусниддин Турсунов. – Айни пайтда маҳалламиздаги 505 хонадонда 3,5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиляпти. Уларнинг тасарруфларида 63 гектардан зиёд шахсий томорқа ери бор. Бу ерлар 6 сотихдан 15 сотихгачани ташкил этади. Уларнинг эгалари шароит ва имкониятларидан келиб чиқиб, ким деҳқончилик, ким чорвачилик, ким иссиқхона сифатида фойдаланяпти. Муҳими, бу тадбиркорлик фаолиятлари билан улар рўзғорларини ҳам, бозорларни ҳам обод қилаётир. Аҳолининг картошка, гўшт, сут, тухум, мева-сабзавот, узумга бўлган талабининг (полиз маҳсулотлари ва пиёздан ташқари) 90 фоизи томорқа хўжаликлари қондирмоқда.

– Халқимизда "Меҳнат қилсанг тўкиб тер, қуруқ қўймас сени ер!", деган нақл бежиз айтилмаган, – дейди Комил Қувондиқов. – Гап ернинг озу кўплигида эмас, унга меҳр билан қилинадиган меҳнатда. Ўн сотихдан зиёдроқ томорқа еримиз бор. Ҳар бир қаричидан қатъий ҳисоб-китоб билан фойдаланамиз. Тажрибамни газетхонлар билан баҳам кўрсам, мақтанчоқликка йўймасликларини сўрайман. Деҳқончиликда пухта ўйлаб, иш кўришни афзал биламан-да!

Аввало, бир муҳим нарсани айтиб ўтай. Кеч кузда ҳосилдан бўшаган ерни мол, парранданинг олдиндан махсус чиритиб қўйилган гўнги билан обдон ўғитлаб, 25-30 сантиметр чуқурликда ҳайдаб, суғориб қўяман. Шу тариқа қиш чилласида ер ҳам "дам олади", ҳам куч йиғади, ҳам зараркунанда ҳашаротлардан холи бўлади. Эрта баҳорда об-ҳавонинг келишига қараб, февралда, сал кечикса, март бошида картошка экишга киришаман. Бир сотихга – 20 килограмм ҳисобида ўртача 600 дона уруғ қадаш мумкин. Агар сотиб олинса, 20 килограмм уруғ 2,5-3 минг сўмдан 50-60 минг сўм бўлади. Яхши парвариш қилинса, 600 тупнинг ҳар тупидан ўртача 450-500 грамдан ҳосил олиш мумкин. Бу пайтда бозорда 1 килограмм картошка ўртача 3 минг сўм. Шунда 900 минг сўм даромад олиш мумкин. Бу ўн сотихда бўлса 9 миллион сўм даромад   дегани. 
Ёки карам етиштиришни олайлик. Бу экиндан йил давомида бемалол икки марта ҳосил олиш мумкин: эртанги ва куз-қишки. Агар ўн сотихга ўртача 3000 дона кўчат экилса, ҳар бош карам ўртача 2,5 килограмм тош босганда ҳам 7,5 тонна бўлади. Унинг килоси ўртача 600 сўмдан сотилганда 4,5 миллион сўм даромад беради.

Помидор, сабзи, такрорий сабзи, турп, шолғом ҳам ана шундай оддий арифметика ҳисоб-китоби билан чамалаб экилади. Умуман, оддий хомаки ҳисоб-китоб бўйича ўн сотих томорқадан оқилона фойдаланса, бир йилда камида 20 миллион сўм даромад олиш мумкин. Яна бозордан сабзавот харид қилишга кетиши мумкин бўлган 4-5 миллион сўм пул тежаб қолинади. 
Маҳаллада Комил Қувондиқовга ўхшаб барчага ўрнак бўлаётган тадбиркор оилалар кўп. Жамол Холбеков, Эсонмурод Жалилов, Шомурод Ҳайитов, Саъдулла Ўрозов ва бошқа ўнлаб фуқаролар хонадонларига ташриф буюрсангиз, ҳовли-томорқасини бамисоли жаннат дейсиз: турфа мевалар ғарқ пишяпти, картошка, сабзавот, ош кўклар, помидор қулф уриб турибди, ишкомларда узум шиғил. Бир қарич бўш ерни кўрмайсиз. 
Томорқа хўжалигидан самарали фойдаланиш рўзғорни фақатгина моддий жиҳатдангина таъминлаб қолмайди, балки меҳнатга лаёқатли аҳолининг бир қисмини иш билан таъминлашда, болаларни меҳнатга муҳаббат руҳида тарбиялашда ҳамда обод, саранжом-саришта масканда соғлом турмуш тарзини шакллантиришда муҳим ижтимоий аҳамият касб этади.

Биз юқорида томорқа хўжалиги имкониятлари ҳақида фикр юритдик. Бу ҳисоб-китоблар кимдадир "Э, бу оз-ку", ё кимдадир "Жуда кўп-ку", деган муносабат уйғотиши мумкин. Аслида воқеликка реал кўз билан қарайдиган бўлсак, 9-10 сотих томорқадан йил-ўн икки ой интенсив фойдаланиб, 25-30 миллион сўмдан даромад олаётган тадбиркорлар қанча.

Шу ўринда шахсий томорқада фаолият юритаётган тадбиркорларга яратилаётган қулайликлар ва имтиёзлар ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз. Шаҳар ва туманларда уларга деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик учун уруғлик, кўчат, мол, парранда харид қилишга пул-кредитлари бериляпти. Зарарли ҳашаротлар, касалликларга қарши дори воситалари, минерал ўғитлар етказиб берадиган дўконлар ишлаб турибди. Энг муҳими, томорқада тадбиркорлик билан шуғулланувчилар рўйхатдан ўтиб, тегишли солиқ бадалларини тўласалар, уларга бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимларида меҳнат дафтарчаси очилиб, фаолиятлари меҳнат стажига  киритилади. 
Тоғаймурод
ШОМУРОДОВ.