Охирги янгиликлар

Пиллачиликда Корея технологияси Иқтисодиёт

"Самарқанд пилла уруғчилик" масъулияти чекланган жамиятида пилла қабул қилиш давом этмоқда. 
– Бу йил Паст Дарғом, Жомбой ва Самарқанд тумани пиллакорларидан 89 тонна сифатли хом ашё қабул қилишни режалаштирганмиз, – дейди корхона раҳбари Акмал Бобомуродов. – Муҳими, тармоққа хориждан инвестиция киритиб, малакали мутахассислар жалб этяпмиз. Натижада четдан валюта ҳисобига келтириладиган ипак қурти уруғини шу ерда очириш имконияти пайдо бўляпти. Туманларда эса аллақачон янги технологияларни ўзлаштириш орқали сифатли пилла етиштиришга киришилди. 
Дарҳақиқат, Жомбой туманидаги "Русланбек Азимов" фермер хўжалигида пилла тайёрлашда Корея технологиясидан фойдаланилмоқда. 
– Бунда аввало, пайванд қаламчалардан тут плантацияларини кенгайтириш, сербарг навларни кўпайтиришни йўлга қўйдик, – дейди фермер хўжалиги бошлиғи Жамол Қосимов. – Сўнгра одатий сўкчак ўрнига металдан 4 қават қилиб пиллахона тайёрлаб, пилла ўралиши учун Кореядан келтирилган пластмасса дасталардан фойдаланяпмиз. Жорий йилда хўжалигимизда 15 қути ипак қурти парваришлаб, 883 килограмм сифатли пилла топшириб, 3 миллион 500 минг сўм даромад олдик. 

Тоҳир НОРҚУЛОВ.