Охирги янгиликлар

Асалари кушандаси Иқтисодиёт

Йигирма беш йилдан буён асалари парвариш қиламан. Орттирган тажрибаларим натижасида 20 дан ортиқ шогирдлар тайёрладим. Соҳани янада ривожлантириш учун маҳалладошларга ва бошқа қизиқувчиларга бир-икки уядан асалари оиласини бепул тарқатдим. Кимдир уддалади, кимдир эса йўқ. 
Лекин ҳозир гап бунда эмас, асаларининг кушандаси - кўкқуноқ қуши ҳақида. Улар қалдирғочлар билан бир вақтда учиб келиб, ҳар бири 5-6 тадан бола очади. Ўсимликлар шира ажратиб, айни асал йиғиш мавсумида бу қушлар учирма қилган полапонлари билан экинзорларга ёпирилади ва ҳар бири 80-85 тагача асаларини нобуд қилади. Улар кечаси гала-гала бўлиб, дарахтларда тунайди, кундузи эса 60 метрдаги асаларини ҳам қувиб овлайди. Оқибатда ҳар бир оилада 70 фоизгача асаларилар қушларга ем бўлиб, кўпайиш ва асал тўплаш каби жараёнлар тўхтаб қолмоқда. 
Ўзи шундоқ ҳам асаларига хос касалликлар билан курашишнинг самарали усуллари қидирилаётган пайтда бу қушнинг ҳужуми асаларичилик тармоғини таназзулга олиб келмоқда. Лекин бу қушга қарши бирор чора қўллаб бўлмайди. Сабаби, улар камайиб кетаётган қушлар сифатида "Қизил китоб"га киритилган. Кейинги йилларда улар бир неча баробарга кўпайди. Шундай экан, мутахассисларга мурожаат қилиб, бу масаланинг ечимида бирор амалий чора қўллашни сўрамоқчиман. Табиат жонзотларининг бирини асраб қолиш учун бошқасини нобуд қилиш тўғримикан? 

Ғайрат ХУДОЙҚУЛОВ, 
Пахтачи тумани.