Охирги янгиликлар

Ваъдамни бажариб бир умрлик орзуимга етаман Иқтисодиёт

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг топшириғига биноан аҳолининг кам таъминланган ҳамда меҳнатга лаёқати чекланган қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятимизда истиқомат қилаётган, меҳнат қилиш имконияти бўлган 21 нафар ногирон тикув машиналари туҳфа этилган эди. 
Янги тикув машиналари эгалари билан вилоят "Пахтасаноат" ҳудудий филиали ўртасида тузилган шартнома асосида улар пахта териш учун фартуклар, қўлқоплар, уруғлик солинадиган қопчалар, махсус иш кийимлари ва соҳада зарур бўлган бошқа маҳсулотларни тикиб, етказиб бериши кўзда тутилганди. 
Ўзаро келишувга мувофиқ, вилоят "Пахтасаноат" ҳудудий филиали 21 нафар тикувчига арзон уйлардан сотиб олишлари учун етадиган бошланғич тўлов пули – 12 миллион сўм маблағни уларнинг ҳисоб рақамларига ўтказиб берилди. 
– Шундай масъулиятни ўз бўйнига олган оқдарёлик М.Ширинова, Пайариқ туманидан С.Ўралова, Д.Эсонова, Нарпай туманидан С.Қувонова каби тикувчиларнинг ҳар бири 1,5 минг донадан ортиқ этак тикиб беришди, – дейди вилоят хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Марғуба Санақулова. – Маҳсулот тайёрлаш учун зарур бўлган хом ашё – мато ва ипларнинг ўз вақтида етказиб берилаётганлиги тикувчиларнинг ишни юқори суръатларда олиб боришига сабаб бўлмоқда. 
Жомбойлик Садоқат Жабборова замонавий тикув машинаси ёрдамида 1350 дан зиёд пахта териш этаклари тикиб, қарийб 1 миллион сўм иш ҳақи ишлади.  
– Президентимизнинг жисмоний имконияти чекланганларга кўрсатаётган ғамхўрликларидан хурсандмиз, – дейди жомбойлик 1-гуруҳ ногирони Садоқат Жабборова. – Энг муҳими, ишли бўлдик. Шунингдек, янги уй-жойлардан бирига тўлаш учун бошланғич тўлов ҳам ажратилди. Замонавий тикув ускунаси менга янги имконият эшигини очмоқда. Мустақиллик куни арафасида ўн минг дона фартукни тикиб топшириб, бир умрлик орзуим – янги уйга эга бўламан. 
 Дилмурод ТЎХТАЕВ.